Малайзия қирғоқларида чўкиб кетган муҳожирлар қайиғи қурбонлари сони 13 нафарга етди. Ўнлаб бедарак йўқолганларни қидириш ишлари давом этмоқда.
Малайзия Денгиз мудофаа агентлиги (MMEA) маълумотларига кўра, Роҳинжа мусулмонларини олиб кетаётган қайиқ чўкиб кетганидан кейин кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, муҳожирлар аввал Мянмадан Малайзияга йўл олган 300 га яқин одамни олиб кетаётган катта кемада бўлишган. Кейин уларни учта кичикроқ қайиққа ўтказишган.
Тахминан 70 нафар одам бўлган қайиқлардан бири чўкиб кетган. Қутқарувчилар ҳозиргача 13 нафар ҳалок бўлганларнинг жасадини сувдан чиқаришган. Яна 13 киши қутқарилгани айтилмоқда, аммо расмийлар қурбонлар сони ортиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Қолган 230 нафар муҳожирнинг тақдири ҳануз номаълум.
Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида, айниқса Мянма ва Бангладешдан келаётган муҳожирлар, кўпинча хавфли денгиз йўллари орқали сафар қилишга мажбур бўлишади.