Бугун 19 май, 2025 йил, душанба

O'ZB

Мактаб формасидан воз кечиш учун 9 та сабаб

A A A
Мактаб формасидан воз кечиш учун 9 та сабаб

Жорий йилнинг 12 июнь куни regulation.gov.uz порталига «Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси муҳокама учун қўйилган. Ушбу қарор лойиҳаси кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Блогер Умид Гафуров мактаб формасидан воз кечиш таклифи билан чиқди ва бунга 9 сабабни келтириб ўтди. Қуйида мактаб формасидан воз кечишнинг 9 сабаби тўғрисида батафсил ўқишингиз мумкин.

Таълим соҳасидаги кўплаб формадан муҳим муаммолар мавжудлигини биламан. Уларга давлат томонидан кўпроқ эътибор ва маблағ ажратилиши тарафдориман.

Форма масаласини ҳам бир неча марта кўтариб келганман, аммо ҳозирда бутун Ўзбекистон бўйлаб ягона форма жорий этилиш арафасида.

Менинг фикрим янги қонунга қандай таъсир қилишини билмайман, аммо барибир айтиб ўтишни жоиз кўрдим.

Яқинда ушбу мавзу бўйича Нодир Зокиров (линк) жонли эфирларинии томоша қилдим. У кишининг фикрларига қўшилганим сабабли, улар баъзида такрорланиб келади.

Тарихий назар:

Билсангиз керак, мактаб формаси дунёдаги ривожланаётган мамлакатларда ва тоталитар ҳокимият режимига эга давлатларга хос тушунча. Албатта, истиснолар бор, лекин кўпчилик давлатлар форма – одамларни бошқариш учун восита деб ҳисоблайди. Чунки мактаб формаси болаликдан ўз-ўзини ифодалаш ва мустақил шахснинг ривожланишига тўсқинлик қилади.

Буюк Британия замонавий мактаб формасини жорий этган биринчи мамлакатдир. Ҳозир ҳам, Буюк Британияда ва у босиб олган (мустамлака) кўплаб мамлакатларда (Ҳиндистон, Австралия, Ирландия, Африка мамлакатлари) форма бор. Ҳатто Япониянинг машҳур формаси ҳам Британия Қироллик денгиз кучларига ишорадир.

Хўш, нима сабабдан инглизлар мактаб формасини жорий қилганлар? Дастлаб, мақсад турли ижтимоий синфлардаги талабаларнинг ўртасида тенглик ўрнатиш бўлган. Лекин бу узоқ давом этмади. Кўп ўтмай, хусусий элита (қиммат) мактаблар ўқувчилари учун ўз формаларини жорий эта бошлашди. Бошқалардан ажралиб туришлари учун. Яъни ким қайси мактабда ўқиши (қанчалик бойлиги) унинг формасидан билинар эди. Шунинг учун, форма олд қисмида мактабнинг катта логотипи (ёки герб) мавжуд. Ўшандан буён бу урфга айланиб қолди. Инглизлар анъаналарни жуда яхши кўрадилар ва уларни камдан-кам ҳолларда ўзгартирадилар. Шунинг учун у ерда монархия сақланиб қолган (аслида фақат расман). Бинобарин, кўплаб мактабларда ҳам форма ҳалигача бор.

Кўпгина бошқа ривожланган давлатларда мактаб формаси ва шунга ўхшаш нарсалардан воз кечилди. Бунга АҚШ, Германия, Франсия, Канада, Белгия ва бошқа кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Ўзбекистонда қандай ҳолат?

Совет Иттифоқи бизга мактаб формаси тушунчасини «олиб келди». Ҳатто армияга хос линейка каби тушунчалар ҳалигача бор:

Турли йилларда формадаги ранглар ўзгариб келди, лекин ҳамма жойда мажбурий эди. Бунинг сабаби оддий – тоталитар тузум ўрнатилган эди. Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг кўп мамлакатлар, шу жумладан, Россиянинг ўзи ҳам формани бекор қилганига қарамай, Ўзбекистонда бу сақланиб қолди. Ҳозирда бу оқ кўйлак, қора шим/юбка. Фақат мактабларда эмас, балки коллеж ва университетларда ҳам. Яқин келажакда эса бутун мамлакат бўйлаб бир хил формани жорий қилишга ҳаракат қилишмоқда. Ҳатто дизайнерлар учун ҳам танлов эълон қилинди. Лекин ҳозирча натижалар жуда ҳам зўр эмас…

Хўш униформами ёки ихтиёрий кийиниш?

Иккала тарафда ҳам ютуқ ва камчиликлар мавжуд.

Шахсан мен ягона мактаб формасига қаршиман. Кийинишга оид ҳар қандай мажбуриятларга қаршиман. Шунинг учун бўлса керак, ҳеч қачон галстук тақишни талаб этадиган жойда ишламаганман.

Мен, Нодир Закиров сингари, таълим муассасасида кийиниш қоидалари ўрнатилиши (дресс-cоде)   тарафдориман. Бу АҚШ ва Канадада қўлланилади. Яъни, мактабга майка ва тапочка кийиб бориш мумкин эмас. Кроссовка, жинси ва футболкада – бемалол. Ҳижобда бемалол.

Буни энг яхши ечим деб ўйлайман. Кичик ёшдаги болалар атрофдаги жамиятнинг қандай даражада турли туманлигини тушуна бошлашади ва мактабни битиргандан сўнг катта ҳаётга кўпроқ тайёр бўлишади

Нега формага қаршиман?

  1. Бу адолатсиз.

Болада танлаш ҳуқуқи бўлиши керак. Агар у костюм билан мактабга боришни хоҳласа, бораверсин. Агар рўмолда (ҳижобда) келмоқчи бўлса, бораверсин. Нима учун болалар номидан қарор чиқариш керак? Эркинлик ҳуқуқи нима бўлди? Ҳатто Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвентсияда ҳам бу баён этилган. Мажбурий форма болаларда ўзини ўзи ифодалашига халақит беради. Бундан ташқари, шахсий дид ривожланишига ҳам тўсқинлик қилади.

  1. Бу хунук.

Балки, сиз учун бу чиройлидир, аммо мен учун метрога тушганимда фақат оқ кўйлак кийган талабалар ғалати кўринади. Улар инкубатордан чиққан жўжаларга ўхшашади. Бироқ, ўқувчилар ўзларини бунга қарши эмас. Ўрганиб қолишган. Мактабда шундай кийинган бўлса. Битирувдан сўнг ҳам шундай кийинади. Ишонмайсизми? Унда айтинг-чи, нима учун Ўзбекистонда одамлар қора, кулранг ёки оқ рангларни афзал кўришади? Мисол учун, метро қишда:

Оёқ кийимларига эътибор беринг. Асосан туфли. Қора рангда. Кундалик ҳаётда кроссовкалар қулайроқ бўлса ҳам, бизнинг халқимиз болаликдан одат бўлган поябзалларини сотиб олишни афзал кўради. Ўзбекистондаги ўртача 40 ёшли одамни тасаввур қилинг. У оқ кўйлакда, елкаси сал каттароқ костюм кийган ва қора туфлида. Футболка ва кроссовкада тасаввур қилиш қийин ҳа? Нега? Бу жуда ҳам қулай ку. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Кўпчилигимиз «ГМ Узбекистан»дан монополия ва танлов йўқлиги учун нафратланишади. Унда нега болаларга танлов ҳуқуқини бермаяпмиз?

  1. Бу ноқулай.

Қулайлик ҳақида гапирар эканмиз, ўзингизни 7-10 ёшда тасаввур қилинг. Кўйлакми ёки футболка. Қайси бири қулай? Пояфзал чи? Кроссовка ёки туфли? Мактаб боғида туфлида югуриш унчалик завқли бўлмаса керак? Оёқ учун ҳам ва пояфзал учун ҳам зарар. Шу сабабли ота-оналар кўпинча бир неча жуфт туфли сотиб олишади. Бола сал-пал шўхроқ бўлса пояфзали тезда йиртилади. Бошланғич синфларда эса барча болалар шўх.

  1. Бу ортиқча бош оғриқ

Қандай бўлишидан қатъий назар, форма ҳар доим тоза бўлиши керак. Шунинг учун болаларга бир нечта кўйлак сотиб олишади. Кўйлаклар эса арзон эмас. Ёки битта кўйлакни ҳар куни ювиш керак. Бу ҳам арзон эмас. Ахир бунга қанча вақт ва ҳаракат кетади. Бир кунда кўйлак ювиш ва дазмоллашга ярим соат кетса, бир ойда 15 соат кетар экан.

Агар ўқувчида битта кўйлаги бўлиб, кир бўлиб қолсачи? У мактабга бормайдими?

  1. Бу қиммат.

Ҳар қандай форма. Ҳатто энг арзон материаллардан тикилгани аллақачон олинган футболкалардан арзон эмас. Янги футболка ва джинси ҳам формадан қиммат эмас. Бундан ташқари, уларни кундалик ювиш ва дазмоллаш ҳам қиммат (агар вақтни қадрласангиз).

  1. Бу ижтимоий мувозанатни ўрнариш усули эмас

Дўстимнинг сўзларини келтираман:

Она оқ кўйлак ва қора шим кийган боласини қўлидан етаклаб келди, кейин оқ кўйлак ва қора шим кийган бошқа бола Тоёта Ландcруисердан тушди. Биринчи бола чўнтагидан эски Сиеменсни чиқаради, иккинчисининг қўлида иПҳоне Х.

Улар тенг. Иккаласи ҳам форма кийган-ку?!!!

(c) Пўлат Тажимуратов

Айтганча, нима учун соҳта мувозанат ўрнатишга ҳаракат қиламиз? Бу нормал ҳолатку. Ҳар қандай жамиятда бой ва камбағаллар бор. Болаларга бу ҳолатни тўғри қабул қилишни ва тушунишни ўргатиш яхшироқ эмасми? Ўзи болалар буни яхши тушунишади. Фақат ота-оналар, негадир, ҳалиям соҳта мувозанат пардасида яшаб келмоқда.

  1. Бу тартиб-интизом эмас.

Шахсан мен учун мактаб формаси – интизом эмас. Аниқроғи, форма орқали интизом ўрнатиш жуда ҳам ғалати, назаримда.

Аксинча, бола ўзи учун ноқулай ва ўзига ёқмайдиган шароитда ўсса, қандай интизом бўлади?

Бундан ташқари, мактаб, биринчи навбатда, билим олиш жойи. Биз ижодий ривожланган ва ақлли болалар истаймизми, ёки бизга тартиб-интизомли роботлар керакми?

  1. Бу эскирди.

Мен бир мажбурий форма каби тушунчалар 21-асрда мавжуд бўлмаслиги керак деб ўйлайман. Ўзбекистон илғор ва замонавий давлат бўлишни истар экан, , катта сармоя жалб этишни истар экан, ислоҳотлар бошлашни истар экан, болалар учун эркинлик муҳитини яратишимиз керак.

  1. Бу корруптсияга сабаб бўлади.

Ҳисоблаб кўрдингизми? Ўзбекистонда 5,6 миллион ўқувчи бор. Янги мактаб формаси неча пул туради? 100 000 сўм бўлса ҳам, бу 70 миллион доллар дегани. 70 миллион доллар сиз-у бизнинг пулимиз! Болалар ўсиши ва форма янгиланиши кераклигини ҳисобга олсак… Ҳаммаси очиқ танлов, коррупсиясиз бўлишига ишонасизми? Мен ишонмайман. 70 млн доллар турганда, коррупсионерлар қараб турмайди.

Асосийси, форма илмий кўрсаткичларнинг яхшиланишига ҳеч қандай таъсир қилмайди. Аксинча, атрофда ҳамма нарса ва одамлар бир хил бўлган муҳитда ривожланиш бўладими? Ёки сиз 20 йил оқ кўйлак ва қора шим кийган одамдан қандайдир кашфиётлар кутяпсизми?

Мактаб формасини тарафдори бўлган одамларни тушунаман. Уларнинг кўпчилиги шунга кўникиб кетишган, кўп йиллар давомида «ишлаб келган» тизимни ўзгартирмоқчи эмаслар. Аммо тизим ишладими ўзи?!

Кўпсҳилик мактабларда тартибсизлик бошланади, болалар синфдошларига ўзини кўз-кўз қилади деб қўрқяпти. Бу фақатгина боланининг ота-онаси тарбия даражасини кўрсатади. 7 яшар бола ҳеч қачон ўзини кўрсатишга бормайди мактабга. Бунга айнан ота-оналар сабабчи. Менимча улар «Кимнинг боласи крутойроқ» танловида доим беллашиб келишади.

Биз яхшиси болаларда инсоният, меҳр-шафқат, одамийлик, адолатлилик ва ҳалоллик туйғуларини тарбиялашимиз керак. Айниқса болада ўзига бўлган ишонч ва ҳурматни ошириш керак, шунда синфдошидаги янги иПҳоне унда ҳасад уйғотмайди. Акс ҳолда, битирганидан кейин ҳокимнинг жияни минган иномарка болани депрессияга тушуриши мумкин.

Ҳаёт шундай. Бунинг ҳеч қандай уяладиган жойи йўқ.

Бошқа давлатларда бундай муаммолар йўқ-ку. Нима, уларда бой ва камбағаллар йўқ деб ўйлайсизми? Ҳаммаси бирдек ўқиб улғайиб келяпти-ку мана. Шуни ҳам уддасидан чиқа олмаймизми?

Онгни ўзгартириш вақти келди, уни мактабдан бошлаш керак. Ҳатто боғчадан. Акс ҳолда, биз йиллар давомида босган изимиздан чиқа олмаймиз.

Бу формалар ҳақидаги фикрларим эди. Сизга манзур бўлган бўлса, ўртоқларингиз билан улашинг.

Эътиборингиз учун ташаккур!

Киритилди: 11:39 26.06.2018. Ўқилди: 15811 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!