Ўтган йиллар давомида дарсликлар ва улардаги камчиликлар жамоатчилик ўртасида кўп муҳокамаларга сабаб бўлгани рост. Чунки мустақил давлатга айланганимизга ҳам яқинда 28 йил тўлади. Бироқ ҳалигача дарсликлар яратишда бир тўхтамга келинмади, назаримизда.
Хўш, бугун амалиётда қўлланилаётган, ўқувчига илмий сабоқларни берадиган мактаб дарсликлари талабга жавоб берадими? Бу кетишда мактабларда синов дарсликларидан фойдаланиш жараёни қачонгача давом этади?
Ижтимоий тармоқларда ўқитувчилардан бири дарсликларнинг тез-тез янгиланаётгани ҳақида шундай ёзади: «Тарих, адабиёт каби ижтимоий йўналишлардаги дарсликлар қайтадан яратилди. Тўғри, шундай бўлиши ҳам керак эди. Лекин математика, физика каби аниқ фанлар бўйича дарсликлар ўнлаб йиллар давомида синовдан ўтган ва мукаммаллашганди, бу фанларни қайта ўзгартиришга ҳожат бормиди? Қуйи синфлардан бири учун яратилган янги математика фани дарслигининг синовида қатнашдим. Бу дарсликда ҳеч қандай янгилик йўқ, фақат юқори синф дарсликларидан мавзулар киритилиб, китоб қайтага мураккаблашган, чалкашган, соддалик ва изчиллик йўқолган эди, холос. Ўқувчиларим уни ўзлаштиришга қийналишди, аксарияти ўзлаштира олмади ҳам...»
Бунга фарзандига дарс тайёрлашда баҳоли қудрат кўмаклашадиган ота-оналар билан суҳбатлашиш жараёнида яна бир маротаба амин бўлдик. Уларнинг кўпчилиги математика фанидан (4-5-6-синфда ўқийдиган) фарзанди мисол ва масалаларнинг мураккаблиги сабаб, ўзлаштиришда қийналишаётгани ва натижада қўшимча фан тўгаракларига беришга мажбур бўлишганини айтишди.
Мавзу юзасидан саволларимизга жавоб топиш мақсадида Бухоро вилоят халқ таълими бошқармасининг дарсликлар билан ишлайдиган бўлимига мурожаат қилдик.
– Умумтаълим мактабларини дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг иккинчи бўлимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 31 майдаги «Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, умумтаълим мактабларининг биринчи синф ўқувчилари учун дарсликлар ҳар йили, 2-4-синфлар учун – икки йилда бир марта ва 5-9-синфлар учун – тўрт йилда бир марта янгиланиши белгиланган, – дейди дарсликлар бўйича методист Наврўз НУРОВ. – 2-4-синф ўқувчилари учун чет тиллари бўйича дарсликларнинг иш дафтарлари эса ҳар йили янгиланади.
Қайта-қайта янгиланаётган бу дарсликлар таълим сифатига таъсир қилмайдими? Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида тақдим этиладиган тестлар ва уларнинг жавобларидаги чалкашликларни келтириб чиқармайдими? Ҳар йили дарсликлар янгиланяпти деб, Давлат тест маркази тест саволларини бир бошдан ўзгартирмаса керак... Бу каби сабаблар абитуриентнинг имкониятларини чеклаши ҳам мумкин.
– Амалдаги дастурда берилган мавзулар ўқувчилар учун ҳаётий кўникмалардан узоқ, ўрганилган мавзулар амалда қўлланилмайди, – дейди Жондор тумани 2-ИДУМИнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Муҳаррам КАМОЛОВА. – Асосий вақт назарий билимларни қуруқ ўргатишдан иборат бўлиб қолади, чунки назарий маълумотларнинг кўпчилиги тор доирадаги мутахассислар учунгина тушунарли усулда берилган. Она тили ва адабиёт фани ўқув дастуридаги мавзуларни кундалик ҳаётга яқинлаштириш баробарида дастурга муомала маданияти, одоб-ахлоқ меъёрлари, миллий қадриятларни улуғловчи ўзбекона дунёқараш билан уйғун мавзулар киритилса, адабиёт дарсларига ажратилаётган соатлар миқдори кўпайтирилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бунинг натижасида ўқувчи мантиқий фикрлашга, тўғри ва имловий хатоларсиз ёзишга ўрганади. Унда тафаккур камолга етади, миллий қадриятларга ҳурмат туйғуси шаклланади.
5-синф она тили дарслиги (Н.Маҳмудов ва бошқалар)да мавзулар изчиллик билан берилмаган, шунингдек, бир неча мураккаб мавзулар тавсия этилган. Мавзуларнинг айримларига 9-синфга қадар қайта мурожаат қилинмайди. Жумладан, 5-синф она тили ўқув дастурида содда ва қўшма гаплар; кўчирма гаплар; кўчирма гаплар ва уларда тиниш белгиларининг ишлатилиши мавзулари учун 2 соат ажратилган бўлиб, бундай қисқа вақт давомида мазкур мураккаб мавзуларни ўзлаштириш имкони мавжуд эмас. Натижада, ўқувчилар 6-7-8-синфларда баён, иншо ёзиш жараёнларида кўчирма гапларни қўллашда хатоликларга йўл қўйишади. 6-7-8-синфларда мазкур мавзуларга оид назарий ва амалий билимлар давомий бериб борилса, бу каби хатоликларнинг олди олинган бўлар эди.
Амалдаги 6-синф она тили дарслигида -ган сифатдош ҳосил қилувчи қўшимчаси луғавий шакл ясовчи деб кўрсатилган (Н.Маҳмудов, А.Собиров, Д.Набиева, 57-бет). Унинг кесимлик кўрсаткичи сифатида замон шаклини ҳам ифодалаши эса 5-синф она тили дарслигида қайд этилган: Ўқиган бола – сифатдош. Феруза китобларини ўқиган – соф феъл. Бунда мазкур қўшимчанинг замон, шахс-сон маъноларини ифодалаб, кесимлик шакли вазифасида ҳам келиши тушунтирилади. Демак, 6-синф дарслигида бу жиҳатлар яна бир маротаба эсга олиниши мақсадга мувофиқ.
Дарсликлардаги мисоллар назоратида хатоликларга йўл қўйилиши қанча-қанча ўқувчини чалғитиши, нотўғри маълумотни миясига жойлашини тасаввур қиляпсизми? Агар вақтида бунинг олди олинмаса, ўқувчиларимиз билим олишидаги, имтиҳон топширишидаги иккиланишлар давом этаверади.
Жумладан, 8-синф она тили дарслиги (Ҳ.Неъматов, М.Абдураимова, Р.Сайфуллаева)да эганинг ифодаланиши ҳақидаги назарий тушунчаларни асослаш мақсадида келтирилган мисолда хатолик мавжуд. Эга ҳаракат номи билан ифодаланадиган мисоллар қаторида «Иш иштаҳа очар» мақоли ўринсиз келтирилган (68-бет).
Адабиёт дарсликларида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўргатишда 5-6-синфларда мураккаблик мавжуд. Мавзулар ўзлаштирилишида ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари инобатга олинмаган. Шунга кўра, 5-синфда Алишер Навоийнинг рубоий ва туюқлари ўргатилса, 6-синфда эса «Ҳайрат ул-аброр» достонидан ибратли ҳикоятлар тавсия этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
8-синф адабиёт дарслиги (Султонмурод Олим, С.Аҳмедов, Р.Қўчқоров)да Лутфий, Алишер Навоий ғазаллари берилган, ғазаллар таҳлилида унинг аруздаги афоилини ўқувчи тушунмай туриб ёдлайди ва тезда унутади. Мумтоз шоирларимиз ижодини ўрганишдан олдин аруз вазни ҳақида назарий маълумотлар берилиши ўқувчиларда ғазал ва бошқа мумтоз адабиёт жанрлари оҳанги ва ритми ҳақида тасаввур ҳосил қилишда кўмаклашиши шубҳасиз.
Баъзи бир ижодкорларнинг таржимаи ҳоли кейинги синф дарсликларида такрор келган ҳолатларни ҳам учратиш мумкин. Аслида эса ижодкор тўғрисидаги маълумотлар қўшимчалар билан бойитилгани маъқул...
Бошқа фанлардан дарс берадиган ўқитувчилар билан суҳбатлашганимизда ҳам ҳар бири ўз фани юзасидан турли таклиф ва мулоҳазаларни билдирди.
Аммо фанда, илмда бир тўхтамга келиш пайти келмадими? Яна қачонгача синов дарсликлар тартиб берилаверади? Ахир, ҳар икки ёки тўрт йилда китоблар янгиланаверса, бунга миллионлаб маблағ сарфланади. Яна айни шу йиллар оралиғида муаллифлар ўртасида танловлар эълон қилиниб, миллонлаб пуллар уларни рағбатлантириш учун ажратилади...
Босқичма-босқич яратилаётган дарсликлар аслида бир-бирини такрорламасдан, аксинча, мазмунан тўлдириб бориши, таҳсил олаётган ўқувчининг билимини мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим. Зеро, ўқувчини новдага қиёслайдиган бўлсак, унинг униб, катта дарахтга айланишида дарслик муаллифларининг ҳиссаси салмоқли. Шу боис уларнинг ўзлари тақдим қилаётган дарсликда хато қилишга, адашишга ҳақлари йўқ. Жамиятда саводсизликнинг олдини олиш, юрт эртаси эгаларининг истиқболи учун ҳам бу масалага жиддий ёндашиш шарт ва зарур.
Наргиза ҚУВОНЧЕВА,
Manba: od-press.uz