Мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш ўртача балл кўрсаткичи беш йилда 69,8 баллдан 78 баллга ошди.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотларига кўра, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш ўртача баллари сўнгги беш йилда 69,8 балдан 78 баллга ошганлигини кўришимиз мумкин (2020 йилда 69,8 балл, 2021 йилда 74,9 балл, 2022 йилда 75,8 балл, 2023 йилда 76,1 балл, 2024 йилда 78 балл).
Аҳамиятли жиҳати, 2024 йилги абитуриентларга тегишли ўртача балл 70,8 ни ташкил этгани ҳолда, жорий йил мактаб битирувчиларининг ўртача бали умумий кўрсаткичдан 7,2 балл юқори.
Максимал баллнинг 75 фоизидан юқорисини (141,75 + балл) эгаллаган 41 009 нафар абитуриентнинг 32 949 нафари (80%) айнан жорий йилдаги мактаб битирувчиларидир.
Албатта, бизга бундан ҳам юқори кўрсаткичлар керак. Муҳими, рақамларда ижобий силжиш бор. Ҳурматли устозлар ва ота-оналар, келгуси йилларда натижалар бундан-да яхши бўлиши учун фарзандларимиз таълимига эътиборни янада кучайтиришимиз зарур, дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова.