Бугун 22 ноябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Макрон Россияни Европадаги тўртта провокацияда айблади

Макрон Россияни Европадаги тўртта провокацияда айблади

Франция президенти Эммануэль Макрон сўнгги 24 соат ичида Европанинг тўртта давлатида содир бўлган ҳодисалардан сўнг Россиянинг «янги тажовузкорлиги» ҳақида баёнот берди.

Унинг таъкидлашича, Москва Европа ҳудудида агрессив фаолият олиб бормоқда. Бу эса Россиянинг халқаро майдондаги яккаланишини янада кучайтириши ва Европа давлатларининг бирдамлигини мустаҳкамлаши мумкин.

Сўнгги ҳодисалар қуйидаги мамлакатларда қайд этилган:

  • Польша: мамлакат ҳукуматининг маълум қилишича, жануби-шарқий ҳудудга Россиянинг иккита ракетаси ва дрони тушган.
  • Молдова: президент Майя Санду Россия дронлари мамлакат ҳаво ҳудудини бир неча бор бузганини маълум қилган.
  • Дания: Украина-америкалик рэпер Kyivstonerга нисбатан суиқасд уриниши барбод қилингани учун расмий Копенгаген Россияни жавобгар деб ҳисоблаган.
  • Эстония: мамлакат расмийлари дронлар ишлаб чиқарувчи корхонага ўт қўйиш режасининг олдини олган. Ҳужумни ташкил этишда Россия ҳарбий разведкаси — ГРУ гумон қилинмоқда. Ҳодисадан сўнг Таллин Россия билан чегара орқали автомобиль транзитини чеклашга қарор қилган.

Макрон Польша билан бирдамлигини билдириб, Дания ва Эстонияни ҳам қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Унинг фикрича, Россия Украинага қарши урушни давом эттириш ва бошқа Европа давлатлари ҳудудида фаолият олиб бориш орқали «масъулиятсиз таваккалчилик»ка қўл урмоқда.

Шу билан бирга, Макрон мазкур ҳодисалар рўйхатида Россиянинг Украинага қарши оммавий зарбаларини тилга олмаган.

Жума куни кечқурун Россия қўшинлари Украина президенти Владимир Зеленскийнинг туғилган шаҳри — Кривой Рогга баллистик ракеталар билан ҳужум қилган. Украина расмийлари маълумотига кўра, камида икки киши, жумладан, етти ёшли бола ҳалок бўлган, қарийб 30 киши жароҳатланган.

Бундан ташқари, жумага ўтар кечаси Россия Украина ҳудудига юзлаб ракета ва учувчисиз учиш аппаратларини йўллаган.

Киритилди: 20:26 21.11.2026. Ўқилди: 541 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар