Ўзбекистонлик аралаш яккакураш устаси, собиқ UFC жангчиси Маҳмуд Мурадовнинг (27-8-0) навбатдаги жанги бўйича тафсилотлар маълум бўлди.
У аввал хабар берилганидек, 23 ноябрь куни Польшанинг Лож шаҳрида ташкил этиладиган ММА бўйича Fame 23 турнирида октагонга кўтарилади. Мурадовга турнирда Шимолий Ирландия вакили, собиқ UFC жангчиси Норман Парк (32-7-1) рақиблик қилади.
Ўрта вазн тоифасида ташкил этиладиган тўқнашув 3 раунд этиб белгиланган. Жанг кўргазмали мақомда ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, Маҳмуд Мурадов сўнгги жангини 21 сентябрь куни Oktagon 61 турнири доирасида британиялик Скотт Аскхэмга қарши ўтказиб, очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонган эди. Бу Мурадов учун UFC'дан кетганидан кейин ўтказган илк жанги бўлганди.
Норман Парк 2012-2016 йиллар давомида UFC'да 9 та жанг ўтказиб, 5 та ғалаба, 3 та мағлубият ва 1 та дуранг қайд этган.