Ўзбекистонда фуқаролар йиғинлари раислари ваколат муддати уч йилдан беш йилга узайтирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 14 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиб, учинчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.
Мазкур қонун лойиҳаси билан қуйидагилар белгиланмоқда:
фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатини уч йилдан беш йилга ўзгартириш;
фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда бўшаб қолган ўринларга янги сайлов ўтказиш орқали фуқаролар йиғини раисини беш йил муддатга сайлаш тартибини белгилаш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ ваколатларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ўтказиш;
Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссиясининг фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ ваколатлари Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларига ўтказиш;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларининг номини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари сифатида ўзгартириш назарда тутилмоқда.
Билдирилишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролар йиғинлари раислари фаолиятини ҳамда фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ишини самарали ташкил этилишига хизмат қилади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларининг сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасида масъулияти ошади ҳамда бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғини раиси сайловини ўз вақтида ўтказилиши таъминланади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.