Яна тўртта кўп квартирали уй аҳолиси қулаш хавфи туфайли эвакуация қилинмоқда
Доғистон пойтахти Маҳачқалъа шаҳрида кучли ёмғирлардан кейин юзага келган сув тошқинлари натижасида уч қаватли турар жой биносининг пойдевори ювилиб кетди ва бино қулаб тушди.
“РИА Дагестан” манбасининг аниқлик киритишича, бу ҳолат Перов кўчасида жойлашган уйда содир бўлган. “Голос Дагестана” Telegram-канали эса гап Газопроводной кўчасида рўй берганини ёзмоқда.
Маҳачқалъа шаҳри маъмурияти Айвазовский кўчасидаги “қулаш хавфи сақланиб қолаётган” тўртта кўп қаватли уй ўраб олингани ҳақида хабар берган. Ушбу уйларда яшовчи 300 дан ортиқ киши хавфсиз жойларга кўчирилган.
Март ойи охирида бошланган кучли ёмғирлар туфайли Шимолий Кавказда сув тошқинлари бошланди. Энг кўп зарар кўрган ҳудуд Доғистон бўлиб, у ерда ўн минглаб одамлар электр таъминотисиз қолган, автомобил йўлларида ҳаракат тўхтатилган, темирйўллар шикастланган. Маҳачқалъада кўплаб кўчаларни сув босган. Чеченистонда ҳам кучли ёмғирлар ва кўчкилар 17 та кўприкка зарар етказган, ўнлаб уйлар вайрон бўлган.