Бугун 8 сентябрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Маҳачқалъа шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилади

Маҳачқалъа шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилади

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация амалий сафар билан Россиянинг Доғистон Республикасида бўлди.

"Дунё" хабарига кўра, мамлакат делегацияси аъзолари Дербент шаҳрига ташрифи давомида шаҳар маъмурияти раҳбари Аҳмад Кулиев билан учрашди. Суҳбат давомида ушбу шаҳар Каспий денгизи бўйида жойлашганлиги ва ўзининг тарихий обидалари билан машҳурлиги, 2023 йил давомида Дербент шаҳрига 700 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюргани маълум қилинди.

Бухоро вилояти делегацияси, шунингдек, Дербент шаҳридаги бир қатор корхоналарда бўлди ва уларнинг раҳбарлари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Маҳачқалъа шаҳрига ташриф давомида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Доғистон ҳукумати раҳбари Абдулмуслим Абдулмуслимов бошчилигидаги ҳукумат аъзолари билан учрашув ўтказди.

Томонлар савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва ижтимоий-маданий соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқдилар.

Музокаралар натижасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, Маҳачқалъа шаҳрида Ўзбекистон савдо уйини очиш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, томонлар туризм хизматлари сифатини ошириш бўйича илғор тажриба ва соҳадаги ташкилотлар ўртасида яқин ҳамкорликни ўрнатиш, сайёҳлар алмашинувини қўллаб-қувватлаш хусусида фикр алмашдилар.

Учрашув натижасида Бухоро вилояти Туризм бошқармаси ва Доғистон Республикаси Туризм вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шундан сўнг, Бухоро вилояти ва Доғистон Республикаси ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида алоҳида учрашув ташкил этилди. Унда Бухоро вилоятига хорижий инвестицияларни жалб этиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, саноат ва савдо кооперацияси масалаларида ҳамкорлик қилиш ва бошқалар тўғрисида аҳдлашиб олинди.

Киритилди: 11:48 27.07.2024. Ўқилди: 636 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!