Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Орзубек Назаровни сўроқ қилди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Қайд қилинишича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Назаровнинг Ўзбекистон криминал авторитети Салим Абдувалиев билан алоқаси борлигини аниқлаган.
Қирғизистон Жиноят кодексининг «Уюшган жиноий гуруҳларни молиялаштириш» моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида махсус хизматлар Орзубек Назаровни сўроққа тутган. Унинг тушунтиришича, 2023 йилда бокс бўйича жаҳон чемпионатида у ва бошқа спортчилар Салим Абдувалиев томонидан кечки овқатга таклиф қилинган. Улар овқатланиб, кейин тарқалишган. Орзубек Назаров жиноий дунё билан ҳеч қачон алоқада бўлмагани ва бундан кейин ҳам алоқада бўлмаслигини қўшимча қилган.
Таъкидланишича, мазкур жиноят иши доирасида Салим Абдувалиевнинг жиноий фаолиятига алоқадор бошқа фуқароларни аниқлаш юзасидан тергов-тезкор тадбирлари давом эттирилмоқда.
Орзубек Назаров 1966 йилда туғилган. Бокс бўйича СССР ҳаваскорлар терма жамоаси таркибида Европа чемпиони (1987) ва 3 марта (1985, 1987, 1988) жаҳон чемпиони бўлган. 1993-1998 йилларда профессионал боксда фаолият юритиб, WBA талқини бўйича енгил вазнда жаҳон чемпиони камарини сақлаб турган.