Венесуэла президенти Николас Мадуро АҚШ томонидан унга нисбатан қўйилган гиёҳванд моддалар савдосида алоқадорлик айбловларини рад этди. Бу ҳақда Telesur нашри хабар берди.
Мадуронинг таъкидлашича, Венесуэла кўп йиллардан бери наркотик моддаларга қарши қатъий кураш олиб бормоқда ва бу жараён БМТ ҳисоботларида ҳам ўз аксини топган.
“Империя ёлғонга мурожаат қилади ва Голливуд услубида ҳикоялар тўқиб чиқаради. Ахлоқий тамойилга эга одам ҳеч қачон ёлғон ривоятлар билан булғаланмайди”, — деди у Вашингтоннинг айбловларига жавоб бериб.
Президент, шунингдек, АҚШ тарихда ҳам турли баҳоналар билан бошқа давлатларга босқин уюштирганини, жумладан, Ироққа “оммавий қиргʻин қурол” баҳонаси билан кириб борганини ва бу миллионлаб одамлар ҳаётига зомин бўлганини эслатди.
Мадуро ватандошларини дезинформациядан огоҳлантириб, Венесуэла халқи “бирлашиб, тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшаши керак”лигини таъкидлади.
АҚШ президенти Доналд Трамп армияни кенгайтириш ва Лотин Америкаси наркотик картелларига қарши курашиш зарурлигини айтган эди. Август ойи охирида АҚШ Венесуэла қирғоқларига USS Gravely, USS Jason Dunham ва USS Sampson ҳарбий кемаларини жўнатди.
Бунга жавобан, Мадуро 4,5 миллионлик милицияни сафбар этганини ва мамлакат “ҳар қандай ҳужумни қайтаришга тайёр” эканини билдирди.
Айни пайтда, АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет Вашингтон Венесуэлада “режимни ўзгартириш операциясига тайёр” эканини таъкидлади.