Луис Суарес ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган эркакни қутқаришда иштирок этди.
«Интер Майами»нинг уругвайлик ҳужумчиси таътил вақтида фавқулодда вазиятга гувоҳ бўлди.
Сюдад де ла Коста шаҳрида 49 ёшли эркак 6 метрлик дарахтга чиқиб, севгилисини кўришга рухсат беришни талаб қилди. Эркак тунда полицияга қўнғироқ қилиб, ўз ниятини билдирган. Сўнг қўл телефонидан қутулиб, дарахтга чиқиб кетган. Унинг овқати ҳам, суви ҳам йўқ бўлган, фақат бир неча қути сигаретаси бор эди.
El Observadorʼнинг ёзишича, эркак ўз жонига қасд қилиш билан таҳдид қилган. Бўйнига арқон боғлаган.
Воқеадан хабар топган Луис Суарес яқинлашиб, эркакни фикридан қайтаришга ҳаракат қилган. Воқеа жойида шошилинч ижтимоий ёрдам гуруҳи, прокуратура, Республика гвардияси вакиллари ва префектура ходимлари ишлаган.
18 соат ўтгач, эркак пастга тушишга рози бўлган. Кейин у психиатрик текширувга юборилган.