Минтақада шамол тўхтади, бу эса ўт ўчирувчиларга ёнғинга қарши самаралироқ курашиш имконини берди, деб хабар беради AFP. Бироқ, яқин кунларда "шамол яна кучаяди", деб огоҳлантирди АҚШ Федерал фавқулодда вазиятлар агентлиги.
Лос-Анжелеснинг Тинч океанидаги Палисадес, Малибу ва Алтадена каби чекка ҳудудлари ўрмон ёнғинларидан энг кўп зарар кўрган. Сўнгги маълумотларга кўра, 11 киши ҳалок бўлган, 15 минг гектар майдонда минглаб бинолар ёниб кетган. 180 минг киши эвакуация қилинди. Париж Хилтон, Энтони Хопкинс, Мел Гибсон каби машҳур кишиларнинг виллалари вайрон қилинган.
Талончиларга қарши курашиш учун полиция жабрланган ҳудудларда соат 18.00 дан 6.00 гача комендантлик соати жорий этди. АҚШ Миллий гвардиясининг минглаб аскарлари ташландиқ уйларни ҳимоя қилиш учун сафарбар этилган. "Сизга зарар кўрган ҳудудларда бўлишингиз мумкин эмас. Агар шундай қилсангиз, ҳибсга олинасиз", деди Шериф Роберт Луна, "Бу комендантлик соати қатъий амалга оширилади." Талончиликда гумон қилинган камида 20 киши аллақачон ҳибсга олинган.