Тошкент вилояти ИИББ Киберхавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Telegram ва Instagramда кредит лимитини «нақдлаштириб бериш»ни ваъда қилиб, фуқаролардан жами 1 млрд 32 млн сўмни ўзлаштирган шахслар қўлга олинди.
Аниқланишича, Оҳангарон туманида яшовчи 2005 йилда туғилган Б.Н. ва унинг уч шериги «лимитлаш хизмати» номли саҳифа очиб, алдов йўли билан пул йиғиб келган. Улар ўзлари расмийлаштирган тадбиркорлик субъекти орқали онлайн савдо платформаларида фаолият юритган.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумондорларга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов давом этмоқда.