Бугун 14 июнь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Ли Куан Юнинг Сингапурни ўзгартирган 7 қарори

A A A
Ли Куан Юнинг Сингапурни ўзгартирган 7 қарори

Сингапур Республикасининг биринчи Бош вазири (1965-2000) Ли Куан Ю (1923-2015) нинг ислоҳотлари учун бугун мамлакатдаги ҳар бир фуқаро ундан миннатдор, рози. Аввалига баландпарвоз бўлиб туйилган "Учинчи дунёдан биринчисига" шиорини кўп ўтмасдан ҳар бир фуқаро ҳис қила бошлайди. 

Бугунги кунга келиб, Сингапур давлатининг йиллик даромади ҳар бир фуқарога 55000 АҚШ долларини ташкил қилади. Буни иқтисодчилар «иқтисодий мўъжиза» деб аташади. Бугун сингапурликларнинг 90 фоизи шахсий уй-жойига эга. Даромади 20 фоиздан кам бўлган оилаларнинг ҳам 80 фоизи шахсий уйларига эгалик қилиши уларнинг юқори турмуш тарзидан дарак беради.

Бу натижаларга эришишда Ли Куан Юнинг қарорлари, пок ва ҳалолликка асосланган тамойиллари муҳим ўрин эгаллайди. "Мамлакатга фақатгина унинг майдонига қараб буюк деб таъриф бериш -- хато. Давлатни унинг улкан орзулари, ҳалол йўлбошчилари ҳамда меҳнаткаш халқи буюк қилади", деган эди у. Қуйида Ли Куан Юнинг Сингапурни ўзгартира олган 7 қарорини эътиборингизга ҳавола қиламиз. 

Биринчи қарор. Тадбиркор ва инвесторлар ишончли ҳимоя остига олинади. Мамлакатда соғлом рақобат муҳити ўрнатилади. Бош вазир Ли Куан Ю хорижий тадбиркор ва сармоядорларга кенг қучоқ очади. Натижада, европалик пулдорлар Сингапур томон ошиқадилар. Бу эса давлат ғазнасига маблағ олиб кела бошлайди, ишчи ўрни яратилишига сабаб бўлади.

Бош вазир топшириғига кўра, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ўртасида бизнесни осонлаштиришга оид сўровлар мунтазам ўтказилган, тадбиркорлар дардига қулоқ тутилган. Сингапур бугун ҳам Жаҳон банкининг «Бизнес қилиш» рейтингида етакчи ҳисобланади.

Иккинчи қарор. Ли Куан Ю ихчам, самарадор ва ҳалол ҳукумат яратишга ҳаракат қилган. Сингапурга қўшни давлатларга айнан ана шу жиҳат етишмас эди. 
Бош вазир коррупцияга қарши қатъий курашади. У коррупцияга сабаб бўлаётган майда деталларни ўрганиб, уларни йўқ қилишга киришади. Коррупцияга қарши ишлаб чиқилаётган қонунлар холис ва ҳамма учун тенг эди. "Давлат раҳбари бўлишни энг яқин уч дўстингни қамоққа ташлашдан бошла. Шундагина одамлар сенинг ҳалоллигинга ишонишади", дейди у. 

Учинчи қарор. Ли Куан Ю жамиятда қонун устуворлигининг қатъийлигини ўрната олди. Қонун олдида ҳар бир фуқаронинг тенг жавоб бериши Сингапур муваффақиятининг омили бўлди. 

Тўртинчи қарор. Ли Куан Юни «иқтидорларнинг раҳнамоси» дейишар эди. У иқтидорли фуқароларни масъулиятли лавозимларга қўйиш ва уларга яхши маош тайинлашга ҳеч қачон иккиланмаган. Шу билан бирга, Сингапурда мансабни суиистеъмол қилиш ҳам аёвсиз жазоланган.

Бешинчи қарор. Давлат маблағи биринчи галда аҳоли фаровонлиги, саломатлиги ва таълимига сарфланади. 1965 йилда Сингапурда туғилган 1000 нафар боладан 35 фоизи нобуд бўлган бўлса, 1985 йилга келиб, бу кўрсаткич 10 фоизга тушади.

Олтинчи қарор. Барча мактаблар замонавий таълим масканига айлантирилган. Сингапур болалари жаҳоннинг энг самарали ва яхши таълим тизимлари асосига қурилган мактабларда ўқийдилар. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг «Асосий универсал кўникмалар» рейтингида 15 ёшдаги сингапурлик ўқувчилар математика ва аниқ фанлар бўйича жаҳонда биринчи ўринда туришади. Бу ташкилотнинг ўқувчилар саводхонлигини баҳолайдиган «PISA» тестига кўра, сўнгги 5 йилликда сингапурлик талабалар «муаммоларга ечим топиш» имтиҳонларида мутлақ етакчилик қилишмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг 25 декабрида эълон қилинган рейтинг бунинг исботидир.

Еттинчи қарор. Хориждан энг малакали ўқитувчилар олиб келинган. Таълим соҳасидаги экспертларнинг фикрича, Сингапур иқтисодий тараққиёт ва турмуш даражасини юксалтиришни таълим билан боғлаган. Хусусан, бу ерда биринчи ўринда таълим бериш стандарти ишлаб чиқилади. Бунинг учун катта маблағ сарф қилинади. Айниқса, энг яхши ўқитувчиларни жалб этиш ва уларнинг нуфузини оширишга аввалбошданоқ алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозир ҳам Сингапурда ўқитувчиларни жаҳоннинг энг нуфузли таълим муассасалари битирувчиларининг орасидан ёллаш анъанаси сақлаб қолинган. Шу билан бирга, бу ўқитувчиларнинг барчаси Миллий таълим институтида қайта тайёрловдан ўтказилади. Бу эса таълим сифатини назорат қилиш ва меҳмон-ўқитувчиларга миллий таълим тизимини ўргатишда муҳим.

"Менинг армоним қолмади. Мен умримни бу мамлакатни бунёд этишга сарф қилдим. Шундан бошқа олий мақсадим ҳам йўқ эди. Йўқотганим - ўз ҳаётим бўлди. Топганим эса - халқимнинг фаровонлиги, муваффақиятли Сингапурдир", дейди Ли Куан Ю.

Шуҳрат Сатторов, Ёнсей университетининг "Давлат ва бизнес бошқаруви" факультети тадқиқотчиси, Human.uz нинг махсус мухбири.

Киритилди: 06:30 28.07.2019. Ўқилди: 2163 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!