Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб давлатлари томонидан жорий этилган санкциялар Россия иқтисодиётига жиддий зарар етказмаганини билдирди. Унинг таъкидлашича, чекловлардан Европа мамлакатлари кўпроқ иқтисодий йўқотишларга дуч келган.
Tasnim News хабарига кўра, Лавров бу ҳақда «Коммерсантъ» газетаси учун ёзган мақоласида маълум қилган.
«Ноқонуний санкциялар мамлакатимизга унчалик зарар етказмади, аксинча, Европа учун триллионлаб йўқотишларга олиб келди. Биз жиддий йўқотишларга дуч келмадик», — деб ёзган Россия ташқи ишлар вазири.
Лавровнинг айтишича, Москва экспорт йўналишларини дунёнинг бошқа бозорларига қайта йўналтиришга муваффақ бўлган. Ҳозирда Россия экспортининг 80 фоизи дунёнинг турли мамлакатларига, жумладан, 70 фоизи Осиё бозорларига тўғри келади.
Вазир Россия углеводородлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, ўғитлар ва рақамли технологияларнинг ишончли етказиб берувчиси бўлиб қолаётганини ҳам таъкидлаган.
Россия расмийлари аввал ҳам Ғарб санкциялари ўз мақсадига эришмаганини бир неча бор билдирган. Президент Владимир Путин эса Россияни жиловлаш ва заифлаштиришга уринишлар Ғарбнинг узоқ муддатли стратегиясининг бир қисми эканини айтган.