«Барселона» қанот ҳужумчиси Ламин Ямаль декабрь ойи якунига кўра Испания Ла Лигасида ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу ҳақда "Барса"нинг X ижтимоий тармоғидаги расмий аккаунти орқали маълум қилди.
Испаниялик футболчи ушбу мукофотни кетма-кет иккинчи марта қўлга киритди — у ноябрь ойида ҳам Примеранинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган эди.
Ўтган ойда «кўк-анорранглилар» Испания чемпионатидаги бешта ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. Жамоа «Атлетико»ни (3:1), «Бетис»ни (5:3), «Осасуна»ни (2:0), «Вильярреал»ни (2:0) ва «Эспаньол»ни (2:0) мағлуб этди. Ушбу баҳсларда каталониялик вингер икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Сентябрь ва октябрь ойларида эса ойнинг энг яхши футболчиси соврини «Реал» марказий ҳужумчиси Килиан Мбаппега насиб этган.
Жорий мавсумда испаниялик футболчи барча мусобақаларда «Барселона» сафида 22 та ўйин ўтказиб, «гол + пас» тизими бўйича 9 та гол ва 9 та голли узатма қайд этган.