1,5 миллион нафар инсон иштирок этган йирик тадқиқот натижаларига кўра, кунига атиги бир банка шакарли газланган ичимлик, жумладан кола истеъмол қилиш саломатлик учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
Олимлар аниқлашича, ҳар куни бир банка кола ичадиган одамларда жигар саратони ривожланиш хавфи қарийб 50 фоизга юқори бўлади.
Бундан ташқари, тадқиқот натижаларига кўра, ўт йўллари саратони хавфи деярли икки бараварга (қарийб 100 фоизга) ошади. Ушбу касаллик нисбатан кам учраса-да, энг хавфли онкологик хасталиклардан бири ҳисобланади.
Мутахассислар шакар миқдори юқори бўлган ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш семириш, қандли диабет, жигарнинг ёғ босиши ва бошқа сурункали касалликлар хавфини ҳам оширишини таъкидламоқда.
Шифокорлар саломатликни сақлаш учун газланган ширин ичимликлар ўрнига сув, минерал сув ёки шакар қўшилмаган табиий ичимликларни танлашни тавсия қилмоқда.