Бугун 10 январь, 2025 йил, жума

O'ZB

Кунига 10 минг қадам юрганларни рағбатлантириш таклиф этилмоқда

Кунига 10 минг қадам юрганларни рағбатлантириш таклиф этилмоқда

Уч йил олдин шунга ўхшаш лойиҳа ими-жимида бекор қилиб юборилган эди. Бу сафар кунига 10 минг қадам юриш бўйича “юқори кўрсаткичларга эришганлар” давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма олиши, барча вояга етган аъзолари бундай натижага эришган оилалардан 14 таси ҳар йили лотерея орқали электромобил ютиб олиши мумкин.

Ўзбекистонда аҳолининг кундалик ҳаётига экологик тамойилларни сингдиришга қаратилган “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади. Бу – 2025 йилги давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.

“Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати доирасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • бир сутка давомида камида 10 минг қадам юришни тарғиб қилиш;
  • юқори кўрсаткичларга эришганларга “Экофаол фуқаро” мақомини бериш ҳамда улар учун давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган банкларда истеъмол кредитини олишда чегирма тақдим этиш;
  • оиланинг барча вояга етган аъзолари “Экофаол фуқаро” мақомини олганда, ушбу оилага “яшил оила” мақомини бериш ҳамда уларга ҳар йили лотерея орқали 14 та электромобил бериш;
  • аҳолисининг ярми “яшил оила” мақомини олган маҳаллаларда “Энг тоза маҳалла” ва “Энг яшил маҳалла” танловларини ўтказиш ва ғолиб бўлган маҳаллалар жамғармасига болалар майдончасини қуриш, яшил боғ яратиш ҳамда чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш ва чиқинди контейнерларини ўрнатишга 500 миллион сўм ажратиш.

Юқоридагиларни назарда тутувчи электрон платформа 2025 йил 1 июнгача ишга туширилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда пиёда юрганларни мукофотлаш тизими 2021 йил март ойида ҳам йўлга қўйилганди. Ўшанда 1hls.uz платформаси ишга туширилиб, шу орқали кунига 10 минг қадамдан ортиқ юрган фуқароларга 3 минг сўмдан тўлаш бошланган эди. Лекин кўп ўтмай, 2022 йил январида бу жараён тўхтатиб қўйилганди.

2022 йил май ойига келиб, жамоатчилик пиёда юрганларни мукофотлаш ими-жимида бекор қилиб юборилганидан хабар топганди.

Ўшанда пиёда юрувчиларга платформада ҳисобланган пул мукофотларининг бир қисми охир-оқибат тўланмай қолган.

Киритилди: 01:22 09.01.2025. Ўқилди: 854 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!