Португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» жамоаси таркибида машғулотларга қайтди. Бу ҳақда A Bola нашри хабар бермоқда.
Манба маълумотларига кўра, футболчи барибир Осиё Чемпионлар лигасида Туркманистоннинг «Аркадағ» жамоасига қарши учрашувда иштирок этмайди. Мазкур ўйин 11 февраль, чоршанба куни бўлиб ўтади. Кутилишича, португалиялик футболчи 14 февраль, шанба куни Саудия Арабистони чемпионати доирасида «Ал-Фотиҳ»га қарши баҳсда майдонга қайтади.
Роналду «Ан-Наср» сафида майдонга тушмаслик орқали Саудия жамғармаси (PIF)нинг айрим клубларга нисбатан олиб бораётган сиёсатига қарши норозилик билдирди. Шунингдек, у жамоанинг айрим ходимларига ойлик маошлар кечиктириб тўланишига ҳам норози эканини шу тарзда ифода этди. «Ан-Наср» раҳбарияти Роналду талабларига қулоқ тутди ва қарзларни тўлаб берди.