Бугун 5 май, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Корея ва Марказий Осиё парламентлари ҳамкорлигида янги ташаббуслар амалга оширилади

Корея ва Марказий Осиё парламентлари ҳамкорлигида янги ташаббуслар амалга оширилади

Сеул шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламент спикерлари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева иштирок этди.

Парламентлараро ҳамкорликнинг “5 + 1” форматида ташкил этилган мазкур платформадан кўзланган мақсад мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали мулоқотни янада мустаҳкамлашдир.

Тадбирнинг асосий сессияси “Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик истиқболлари ва устувор йўналишлар: кейинги 30 йил учун шиддатли ҳаракат” мавзусига бағишланди.

Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришда парламентлараро мулоқот муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Сенат Раиси Т.Норбоева 15 йилдан ортиқ давр давомида иш олиб бораётган “Марказий Осиё + Корея” ҳамкорлик форматининг ўрни муҳимлигини таъкидлади. Мазкур формат инвестициялар, инновациялар, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият ҳамда бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги ташаббус ва ғояларни илгари сурмоқда.

Технологиялар, инновациялар ва “яшил иқтисодиёт” соҳасида парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш, муқобил энергия ва “яшил” водород ишлаб чиқариш соҳасида Корея сармояларини жалб қилиш ва янги технологияларни жорий этиш каби масалалар шулар жумласидандир.

“Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик” мавзусига бағишланган сессияда дунёда кечаётган низолар, жаҳон иқтисодиётидаги салбий тенденциялар, беқарор халқаро савдо-иқтисодий муносабатлар шароитида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик, жумладан, парламентлараро мулоқот орқали саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

– Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш минтақавий ҳамкорликнинг асосий драйвери бўла олади, – деди Т.Норбоева. – Савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишда парламент муҳим ўрин тутади.

“Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси ўртасида рақамли трансформация соҳасидаги ҳамкорлик” мавзусидаги сессияда эса иштирокчилар эътибори иқтисодий тараққиёт ва рақамлаштириш жараёнларининг муваффақияти, иқтисодиётнинг турли тармоқларига сунъий интеллектнинг кенг жорий этилиши масалаларига қаратилди.

Сессияда Корея Республикаси кўмагида Тошкент шаҳрида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, малакали кадрлар тайёрлаш ва минтақадаги барча мамлакатлар эҳтиёжлари учун оммабоп IТ - маҳсулотларни ишлаб чиқишга йўналтирилган сунъий интеллектни ўрганиш ва ривожлантириш бўйича Марказий Осиё марказини ташкил этиш ҳамда рақамлаштириш соҳасида Кореянинг етакчи университетлари билан ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.

Йиғилишда “Марказий Осиё – Корея Республикаси” парламентлараро ҳамкорликнинг навбатдаги йиғилишини 2024 йилда Aшхободда ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Тадбир якунида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари спикерларининг биринчи йиғилиши қўшма декларацияси қабул қилинди.

Киритилди: 09:58 20.09.2023. Ўқилди: 1144 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!