Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Конституцияда алоҳида қайд этилиши режалаштирилаётган “Хабеас корпус”. Бу қандай норма?

Конституцияда алоҳида қайд этилиши режалаштирилаётган “Хабеас корпус”. Бу қандай норма?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгаришларда президент “Хабеас корпус” институтини ривожлантириш таклифини ҳам билдирди. Кўпчилик бу қандай институт эканлигини билмаслиги мумкин. Бугун “Хабеас корпус” институти ҳақида маълумот берамиз.

Хабеас корпус бу — инглиз жиноят-процессуал ҳуқуқи институти бўлиб, шахс дахлсизлиги тамойили билан чамбарчас боғлиқ саналади, у англо-саксон ҳуқуқий оиласининг бошқа мамлакатлари ҳуқуқий тизимларига ҳам киритилган. “Хабеас корпус”ни оддий тушунтирадиган бўлсак, унга кўра, қамоққа олинган шахс ёки унинг номидан бошқа бир фуқаро нима сабабдан ҳибсга олинаётгани ёки қамоққа олиш тўғрисидаги ҳужжат бўйича судга мурожаат қилиши ва ҳибсга олиш ёки ушлаб туришнинг қонунийлигини текшириш учун махсус суд қарорини талаб қилиши мумкин. Яъни гумонланувчи маълум сабаб билан ҳибсга олинганидан сўнг уни ушлаб туришлари қонунийлигини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Суднинг қарори бўлмаган тақдирда шахсни 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин бўлмайди.

Хабеас корпус номи (хабере - "эга бўлмоқ" ва корпус - "тана" сўзларидан) лотинча habeas corpus ad subjiciendum иборасининг бир қисми бўлиб, "қўлга олинган шахс ҳақида судга тақдим этиш" маъносини билдиради. Фуқаролик ҳуқуқи юрисдикцияларининг аксарияти ноқонуний ҳибсга олинганлар учун шунга ўхшаш ҳимоя воситаларидан фойдаланади, бироқ улар ҳар доим ҳам хабеас корпус деб аталавермайди. Баъзи испан тилида сўзлашувчи мамлакатларда ноҳақ қамоққа олиш учун ампаро либертад ("эркинликни ҳимоя қилиш") муқобил нормаси қўлланилади.

Тарих

Англияда Хабеас корпуси институтидан 15 асрдан бери доимий равишда фойдаланиб келинади. Дастлаб у шахслар, асосан феодаллар ва уларга бўйсунувчилар томонидан бузилган эркинликни тиклаш воситаси сифатида ишлатилган, аммо Генриха VII давридан бошлаб у Қирол томонидан шахсни кузатиб боришда қўлланилган. Бироқ, 1679 йилги қонунга қадар (Хабеас корпус қонуни), хабеас корпусни бериш ўзлари мустақил бўлмаган судяларнинг ихтиёрига қўйилган. Бундай фармонни чиқариш масаласи кўпинча кечиктирилган. Бундан ташқари, судянинг буйруғини бажармаслик ҳеч қандай жавобгарликка сабаб бўлмаган. Бу каби ҳуқуқий кафолатларнинг етишмаслиги Тюдорлар ва Стюартларнинг мутлақ ҳукмронлиги даврида айниқса очиқчасига намоён бўлди. Айнан шу тамойилга риоя қилмаслик 1627 йилда машҳур сиёсатчи Ж. Хемпденнинг ҳибсга олиниши ва 1628 йил 29 мартда Жамоат палатаси резолюциясининг қабул қилинишида ғазабларга сабаб бўлган, унда шундай дейилган:

Ҳеч бир озод одам қамоққа олинмайди ёки ҳибсда ушлаб турилмайди. Қирол ёки Махфийлик кенгашининг буйруғи билан ҳеч кимнинг озодлиги ҳеч қанақасига чекланиши мумкин эмас... ҳибсга олиш ёки озодликни чеклаш учун қонуний сабаблар кўрсатилмаса.

- Хабеас корпус буйруғини ҳеч ким инкор эта олмайди; у қамоққа олиниши, ҳибсда ушлаб турилиши керак бўлган ҳар бир шахснинг илтимосига биноан ... қиролнинг, хусусий кенгашнинг ёки бошқа бировнинг буйруғи билан берилиши керак.

- Агар озод шахс қамоққа олинганида ёки ҳибсда ушлаб турилганида, қонуний сабаб кўрсатилмаган бўлса ва бу шу шахсга берилган хабеас корпус асосида аниқланган бўлса, у бутунлай озод қилиниши ёки гаров эвазига қўйиб юборилиши керак.

- Ушбу резолюциялар 1628 йилдаги ҳуқуқ тўғрисидаги петицияга киритилган ва кейинчалик инглиз инқилоби ҳужжатларида кўп марта такрорланган.

1668 йилда хабеас корпус акт лойиҳаси сифатида Жамоат палатасига киритилган, аммо қонун сифатида тан олинмаган. 1670 ва 1675 йилларда яна иккита шунга ўхшаш қонун лойиҳаси Лордлар палатаси томонидан рад этилган. Ниҳоят, 1679 йилда шахс манфаатларини қироллик ўзбошимчаликларидан ҳимоя қилувчи Хабеас корпус акти расман қабул қилинган.

Британиялик ҳуқуқшунос Алберт Ванн Диси (1835-1922) 1679 йилда қабул қилинган Хабеас Корпус актини "ҳеч қандай принципларни англатмайди ва ҳуқуқларни белгиламайди, аммо амалий нуқтаи назардан улар шахснинг ҳуқуқ эркинлигини кафолатлайдиган юзлаб конституциявий моддаларнинг ўрнини боса олади", деб ёзган эди.

1679 йилги қонун кучга кирганида уни мустамлака мамлакатларга тааллуқли эмас деб ҳисоблашган, шунинг учун 1700 йилгача Британия ҳукумати мустамлака бўлган, жумладан АҚШнинг ҳам актни кучга киритишга бўлган бир неча уринишларини рад этди. 1710 йилдан кейин эса сиёсат ўзгарган ва Виржиния (Александр Спотсвуд), Шимолий Каролина ва Жанубий Каролина губернаторлари ушбу ҳуқуқни мустамлакаларга тарқатиш тўғрисида баёнотлар чиқаришган. Бироқ, АҚШ Мустақиллик Декларацияси қабул қилинган даврда бу ҳуқуқ фақат Жанубий Каролинада амал қилган. Негадир колониялар бу ҳуқуққа унчалик аҳамият бермаган. У фақат 1809 йилда Мерилендда, 1815 йилда Нью-Ҳемпширда, 1822 йилда Род-Айлендда, 1821 йилда Коннектикутда, 1836 йилда Шимолий Каролинада расмий кучга кирган.

АҚШда хабеас корпус Конституцияга киритилган; унга кўра, бу ҳуқуқнинг тўхтатилиши босқин ёки исён (фавқулодда ҳолат) содир бўлган тақдирдагина мумкин.

Киритилди: 21:24 23.06.2022. Ўқилди: 4177 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!