Колумбия шимолидаги Санта-Марта шаҳрида кучли ёғингарчилик оқибатида сув тошқинлари юзага келди, бунда эса 2 мингдан ортиқ одам жабр кўрди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият маълум қилди, дея хабар беради Анадолу агентлиги.
Санта-Марта шаҳрининг хавф-хатарларни бошқариш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бошқармаси бошлиғи Алекс Веласкес матбуотга берган баёнотида сув тошқинлари сабабли шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинганини маълум қилди.
Унга кўра, ўнлаб туманлар сув остида қолган, қурбонлар сони ҳақида аниқ маълуот ҳали мавжуд эмас.
Санта-Марта мэри Карлос Пинедо шаҳарда тўрт соат ичида ҳар квадрат метрга 155 миллиметр ёмғир тушганини айтди. У бу миқдорни "жуда юқори" деб таърифлади.
Маълумотларга кўра, шаҳарда катта вайронагарчиликлар ҳақида хабарлар келиб тушган, офат оқибатларини бартараф этиш учун барча фавқулодда хизматлар сафарбар қилинган.
Колумбия президенти Густаво Петро Х платформада эълон қилинган баёнотда Санта-Мартадаги табиий офат иқлим инқирозининг оқибати эканлигини айтди.
Давлат раҳбари вилоятга барча зарур ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.