Боготада суиқасд уюштирилган колумбиялик сенатор ва президентликка потенциал номзод Мигель Урибе Турбаянинг аҳволи ҳақида илк тафсилотлар маълум бўлди.
Маҳаллий Blu Radio нашри хабар беришича, сиёсатчи дастлаб Medicentro клиникасига олиб кетилган, у ерда шифокорлар унинг аҳволини барқарорлаштиришга муваффақ бўлишган.
Кейинчалик беморни "малакали тиббий бригада томонидан ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш учун" бошқа тиббиёт муассасасига ўтказишга қарор қилинди.
"Расмий тиббий ҳисобот эълон қилинмаган бўлса-да, сиёсий етакчига яқин манбалар унинг ҳушида ва доимий кузатув остида эканлигини айтишди", деб ёзади Blu Radio.
Колумбия полицияси директори Карлос Фернандо Триананинг айтишича, вояга етмаган шахс гумондор сифатида қўлга олинган, у оёғидан яраланган ва ҳозирда шифокорлар назорати остида даволанмоқда. Ҳодиса натижасида икки киши, бир эркак ва бир аёл ҳам тан жароҳати олган, жиноят қуроли воқеа жойидан топилиб, олинган.
Бундан ташқари, расмийлар суиқасднинг барча иштирокчиларини аниқлашга ёрдам берадиган ҳар қандай маълумот учун 3 миллиард песо (тахминан 730 минг АҚШ доллари) миқдорида пул мукофоти эълон қилинди.