Собянин Москвага учиб келаётган 430 та дрон уриб туширилганини маълум қилди
Белгород вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Александр Шуваев Telegram'да фуқаролик инфратузилмасига зарбалар берилгани ҳақида ёзди. Белгороднинг айрим ҳудудларида ва бир нечта муниципал туманларда электр ҳамда сув таъминотида узилишлар бошланди.
Мулозим Беловское қишлоғида уч киши жароҳатлангани, кейинроқ эса у ерда бир киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Бундан ташқари, тунда Шуваев Белгород ва унинг атрофига такрорий ракета зарбалари берилганини ёзиб қолдирди.
"Astra" таҳлилига кўра, Белгородда "Газпром трансгаз Москва" МЧЖ филиали ҳисобланган Белгород магистрал газ қувурлари чизиқли ишлаб чиқариш бошқармаси ҳужумга учраган. Ушбу корхонанинг вазифаси Белгород вилояти ҳудудидаги магистрал газ транспорти объектларидан фойдаланиш ва истеъмолчиларга газ етказиб беришни таъминлашдан иборат.
Калуга вилояти губернатори Владислав Шапша эса Дзержинский округидаги саноат корхонасида дронлар ҳужумидан кейин ёнғин чиққанини маълум қилди. Жароҳатланганлар йўқ.
Москва мэри Сергей Собянин 7 июл куни эрта тонгда Россия пойтахтига 430 дан ортиқ дрон ҳужум қилганини ёзди. "Катта қисми Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан узоқ масофаларда зарарсизлантирилди. 36 та душман дрони Москвага яқинлашишда йўқ қилинди", — дейди у.
ТАСС агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, бу Украина Қуролли Кучларининг сўнгги икки йил ичида Москвага уюштирган энг йирик ҳужумидир.
Россия Мудофаа вазирлиги жами бўлиб мамлакатнинг 15 та ҳудуди, аннексия қилинган Қрим, шунингдек, Азов ва Қора денгизлар узра Украинанинг 452 та дрони йўқ қилингани ҳақида ҳисобот берди