Бугун 21 май, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Кичик бизнесга янги имкониятлар яратиш борасида

A A A
Кичик бизнесга янги имкониятлар яратиш борасида

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шароитлар яратиш Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир.

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор, бизнес субъектларига берилаётган имтиёз ва енгилликлар сабабли бу тармоқ ўзининг иқтисодиётимиздаги ўта муҳим ва салмоқли ҳиссаси билан давлатимиз ва жамиятимиз тараққиётида тобора муҳим ўрин эгалламоқда.

Бундан ташқари, катта тадбиркорликка ҳам айнан кичик бизнесни ривожлантириш орқали эришилади. Шу маънода кичик бизнес вакиллари иқтисодиётнинг локомотиви саналади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес соҳасини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, микро-бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳам юртимизда оҳирги йилларда катта амалий ишлар қилинди.

Натижада, бугун ҳар бир маҳаллада камида 40-50 нафар янги тадбиркорлар пайдо бўлиб, минглаб доимий иш ўринлари яратилмоқда.

Жорий йилнинг бошида кичик бизнес тоифасига
кимлар киришини аниқ белгиланди. Эндиликда, кичик тадбиркорларни “оёққа туриб олиши” ва фаолиятини кенгайтириши учун, мутлақо янги ёндашувларни жорий қилинади.

Ушбу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит эко-тизим яратилади:

I. “Қишлоқ қурилиш банк” “Бизнесни ривожлантириш банки”га айлантирилади. Банк ҳузурида ҳар бир ҳудудда жами 14 та кичик бизнес марказлари ташкил этилади.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида тажриба орттирган 500 мингдан зиёд микро-бизнес вакиллари бор (жами 1,6 миллион аҳоли дастурда қатнашган).

Энди, 9 минг 400 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ўз ҳудудида микродан кичик бизнесга ўсмоқчи бўлган 3-4 нафар тадбиркорни ҳар ойда Марказларга боғлаб беради.

Марказлар эса:

– ташаббускорлар бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашади;

– ўз ҳисобидан янги лойиҳа қилмоқчи бўлган тадбиркорларни ўқитади;

– янги лойиҳаларга зарур мутахассисларни жалб қилади;

– тадбиркорлар учун бухгалтерия, солиқ, аудит, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматларини кўрсатади.

II. Ҳудудлардаги Кичик бизнес марказларида ўқиган тадбиркорларнинг лойиҳаларини энг қулай шартларда молиялаштириш йўлга қўйилади.

Кичик бизнес лойиҳасининг 10 фоизига тадбиркор инвестиция киритса, 45 фоизига “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг ўзи, қолган 45 фоизи учун давлат кўмагида ресурс йўналтирилади.

Ушбу мақсадлар учун бир “тадбиркорлик йили”да банкнинг ўзи 500 миллион доллар олиб келади, давлат яна шунча миқдорда маблағ ажратади.

Кредитлар тадбиркорларга 5-7 йил муддатга имтиёзли шартлар асосида берилади.

Ушбу маблағларнинг 150 миллион доллари бўйича кредит линиялари 1 октябрдан очилади.

Ўз бизнесини йўлга қўя олган, “кредит ва солиқ тарихи” тоза бўлган тадбиркорларга фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун кредит олишда гаров талаби 50 фоизга камайтирилади.

Лойиҳани юргизишда қўшимча ресурсга эҳтиёжи бор корхоналарга, мавжуд кредитга қўшимча маблағ ажратишга рухсат берилади.

Бунга, йилига қўшимча 1 триллион сўм ажратилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида олиб кириладиган асбоб-ускунани суғурталаш, хом-ашё ва материалларни сертификатлаш харажатлари Марказлар томонидан қоплаб берилади. Дастурда иштирок этаётган кичик бизнес корхоналари фаолиятини уч йилгача текширишга йўл қўйилмайди.

III. Кичик бизнес марказлари кўмагида лойиҳа ташаббускори ва йирик давлат корхоналари билан кооперация алоқалари ўрнатилади.

Янги корхоналарда замонавий технологияларни жорий қилиш, ходимлар малакасини ошириш ва маҳсулотини реализация қилишга Марказлар ёрдам беради.

Ушбу корхоналарга давлат харидлари тизимида ўз́и ишлаб чиқарган маҳсулотларни 2 йил давомида тўғридан-тўғри шартнома билан сотишга рухсат берилади.

IV. Кичик бизнес марказларини бошқаришга хусусий шериклар жалб қилинади. Ушбу тадбиркорларга “Бизнесни ривожлантириш банки”га ул́ушдор бўлиб кириш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, марказларга хорижий мутахассислар олиб келинади. Бизнес-консультант, муҳандис-технолог, дизайнер, меҳмонхона бошқарувчиси, маркетолог, агроном, ветеринар, уруғшунос каби хориждан жалб қилинган мутахассисларга Ўзбекистонда ишлаш учун рухсатнома бериш муддати ҳозирги 1 йилдан 3 йилга узайтирилади.

Ишлашга рухсатнома тўлови эса, ҳозирги 10 миллион сўмдан 330 минг сўмга туширилади.

Уларга ҳудудий меҳнат органидан ишга жалб этиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса олиш талаб қилинмайди.

V. Янги тизимни жорий этиш бўйича алоҳида қонун қабул қилинади. Бунда, марказ билан ҳамкорликда кичик

бизнес лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ барча жараёнлар соддалашган тартибда белгиланади.

Янги кичик бизнес лойиҳаси ишга тушгач, икки йил давомида улардан тушадиган барча солиқлар “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг айланма маблағи учун ўтказиб берилади.

Тадбиркор қанча кўп даромад топишидан банк манфаатдор бўладиган тизим яратилади. Ушбу дастурда исталган давлат ва хусусий банклар иштирок этиши, ўзлари ҳам ресурс жалб қилиши мумкин бўлади.

Банкларнинг дастур доирасида олган фойдаси солиқ базасидан чегириб ташланади.

Шунда тадбиркорларда ҳам, банкларда ҳам манфаат ва рақобат бўлади.

Бунинг учун, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлардан яна 500 миллион доллар жалб қилинади.

Мақсад – бир йил ичида:

– камида 150 мингта кичик бизнес субъектларини “оёққа турғизиш”;

– камида 25 мингтасини ўрта корхоналарга айлантириш;

– соҳада 250 минг янги доимий иш ўринлари яратиш.

Киритилди: 14:50 22.08.2023. Ўқилди: 2055 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!