Бундан икки йил олдин Президентимиз ишбилармонлар билан ўтказган очиқ мулоқотида 20 августни “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилган эдилар. Бу – кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорларга кўрсатилаётган юксак эътибор, улар қўллаб-қувватланишининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Тадбиркорлар – аввало, ўз меҳнати билан фаровонликка эришадиган, жамиятда барқарорлик ва ҳамжиҳатлик мустаҳкамланишига интилувчи одамлар. Тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Тадбиркорлик иқтисодиётгина эмас, балки бошқа кўплаб соҳалар тараққиётига ҳам туртки беради, уларнинг барқарорлигини таъминлайди. Бинобарин, жамиятимизда соҳиби тадбиркорларнинг обрў ва мавқеи кун сайин ортиб боряпти.
Куни кеча давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида ҳам ушбу ислоҳотларни эътироф этиб, эришилган ютуқлар, келгуси йилда амалга ошириладиган лойиҳалар, янги ташаббуслар ва вазифаларни белгилаб бердилар.
Таъкидланганидек, 2021 йили бўлган очиқ мулоқот бўйича 57 та, ўтган йили эса 55 та ташаббус илгари сурилган эди. Уларнинг натижасида бизнесни юритишда кўплаб енгилликлар бўлди.
Мисол учун, ўтган йилги таклифлар асосида бизнес субъектлари микро, кичик, ўрта ва йирик тоифаларга бўлиниб, улар билан алоҳида ишлаш йўлга қўйилди. Худди шундай, туман ва шаҳарлар ҳам 5 та тоифага ажратилди, 60 та туманга алоҳида солиқ, кредит ва молиявий ёрдам режимлари жорий қилинди.
Қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддати қисқартирилиб, ўтган бир йил ичида 6 мингта корхонага 20 триллион сўм қайтариб берилган. Энг муҳими, ушбу солиқ ставкаси 12 фоизга туширилгани ҳисобига, қўшилган қиймат занжири иштирокчилари сони 26 мингтага кўпайиб, фаолияти “соядан” чиққан.
Кредит беришда айланмадаги товарлар, экспорт шартномалари, аккредитивлар ва келгуси тушумлардан ҳам гаров таъминоти сифатида фойдаланиш тизими яратилди. Бу имконият орқали тадбиркорларга 1 миллиард доллар кредитлар берилган.
Божхона ҳудудида қайта ишлаш тизими соддалаштирилди. Натижада, ушбу божхона режимидан фойдаланувчи тадбиркорлар сони 2 баробарга кўпайди. Бир йил ичида ушбу имконият орқали 455 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Илгари янги тадбиркорлар учун “кириш қийин бўлган” 119 та фаолият бўйича лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди ёки хабардор қилиш шаклига ўтказилди. Жорий йилнинг олти ойида солиқ тўловчилар фаолиятида текширишлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга камайган.
Умуман, ўтган бир йилда кичик тадбиркорлар сони 40 мингтага кўпайган, ўрта тадбиркорлар сони 2 мингтага ошиб, 10 мингга етган. Йирик корхоналар сони эса бир йилда 400 тага кўпайиб, 1,5 мингта бўлди.
Берилган енгилликлардан фойдаланиб, бир йилда 155 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллион доллардан ошган. Киритилган йиллик хорижий сармоялар ҳажми эса илк бор 10 миллиард долларга етган.
Ушбу эришилган ютуқларнинг таг замирида албатта, давлатимиз раҳбарининг ишбилармонларга қаратиб келаётган юксак эътибор ётибди.
Президентимиз тадбиркорлар билан очиқ мулоқотдаги маърузасида келгусида қилиниши лозим бўлган бешта асосий йўналишни кўрсатиб ўтди. Уларнинг ҳар бири ўз ичига кўплаб ташаббусларни қамраб олди.
Биргина кичик бизнесни ривожлантиришдаги лойиҳаларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, кичик бизнес – бу маҳаллага, туманга янги муҳит олиб кирадиган, одамларимизга шиж́оат берадиган катта кучдир.
Иқтисодиёти жадал ривожланаётган кўплаб давлатларда иш ўринларининг 70-80 фоизи шу соҳа вакиллари томонидан яратилмоқда. Барча нуфузли компаниялар тарихи ҳам айнан кичик ва ўрта бизнесдан бошланган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда микро-бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича катта амалий ишлар қилинди. Дастурлар орқали микро-бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашга ҳар йили 1 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтирилмоқда. Натижада бугун ҳар бир маҳаллада камида 40-50 нафар янги тадбиркор пайдо бўлиб, минглаб доимий иш ўринлари яратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари кичик бизнесни манзилли қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган қатор ташаббусларни илгари сурди.
Унга кўра, энди кичик тадбиркорларнинг “оёққа туриб олиши” ва фаолиятини кенгайтириши учун мутлақо янги ёндашувлар жорий этилади. Бунда ушбу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа тайёрлаб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор, бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит эко-тизим яратилади.
Бунинг учун, энг аввало, “Қишлоқ қурилиш банк”ни “Бизнесни ривожлантириш банки”га айлантирилади. Ушбу янги банкнинг фаолияти ҳам, ишлаш услуби ва молиялаштириш механизмлари ҳам янгича бўлади. Жумладан, банк ҳузурида ҳар бир ҳудудда жами 14 та кичик бизнес маркази ташкил этилади.
Бундан ташқари оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида тажриба орттирган 500 мингдан зиёд микро-бизнес вакиллари бор. Энди 9 минг 400 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ўз ҳудудида микродан кичик бизнесга ўсмоқчи бўлган 3-4 нафар тадбиркорни ҳар ойда бизнес марказларига жалб қилинади.
Марказлар эса ташаббускорларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашади, ўз ҳисобидан янги лойиҳа қилмоқчи бўлган тадбиркорларни ўқитади, янги лойиҳаларга зарур мутахассисларни жалб қилади, тадбиркорлар учун бухгалтерия, солиқ, аудит, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматларини кўрсатади.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг кичик бизнесга алоҳида эътибор қаратиши келгусида тадбиркорларнинг сонини ортишига, энди иш бошламоқчи бўлган тадбиркорларни оёққа туриб олишида, сифатли ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашгача бўлган жараёнларни босиб ўтишида замин яратади.
Сардор ҒИЁСОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.