Бугун 12 декабрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

“Келаси йилдан автобусларда йўл ҳақи учун нақд пул қабул қилинмайди” — транспорт вазири

“Келаси йилдан автобусларда йўл ҳақи учун нақд пул қабул қилинмайди” — транспорт вазири

Ўзбекистонда автобусларда йўл ҳақи учун нақд пулдан воз кечилиб, тўлиқ электрон тўлов тизимига ўтилади.

Тошкент шаҳрида “Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги” давом этмоқда. Тадбирларнинг 18 октябрь куни бўлиб ўтган сессиясида Илҳом Маҳкамов чиқиш қилиб, транспорт соҳасида бажарилаётган ишлар ҳақида гапирди.

Мулоқот якунида вазир журналистларга интервью берди. Илҳом Маҳкамовнинг айтишича, Ўзбекистонда автобусларда 2025 йил 1 январдан йўл ҳақи учун нақд пул қабул қилишдан воз кечилади.

“Бекатларга нақд пулга билет ёки QR-код сотиб олиш имконияти яратилади. Аксарият бекатларга инфокиосклар ўрнатилади. Ҳозир бу тажриба Тошкент шаҳрида синовдан ўтказиляпти. Барча автобусларга шу QR-кодларни ўқий оладиган девайслар ўрнатилади. Улар ўрнатилгач, табиийки кондукторлар ишламайди. Сабаби нақд пулни йиғиш эҳтиёжи қолмайди”, деди вазир.

Шу билан бирга, вазирлик раҳбари янги бруто шартнома тизими ҳақида ҳам қисқача гапирди.

“Бу тизимда жамоат транспорти хизматини кўрсатадиган операторларга пул тўлови йўловчиларни ўз вақтида манзилига етказиб қўйгани учун амалга оширилади”, деди Илҳом Маҳкамов.

Транспорт вазирлигининг “Дарё”га маълум қилишича, яқин истиқболда 1 294 та автобус сотиб олиш режалаштирилган бўлиб, асосий эътибор Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида электробуслар ҳаракатига қаратилади. 2030 йилгача автобуслар сонини 5 000 тага, электробуслар сонини 2 000 тага етказиш мақсад қилинган. Шаҳарлар ва туманлар жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, жамоат транспорти тизимларини автоматлаштириш, ҳудудларда автоматлаштирилган диспетчерлик назорати ва мониторингини жорий этиш ҳамда йирик шаҳарларда жамоат транспорти учун махсус йўл бўлакларини яратиш устида иш олиб борилмоқда.

Киритилди: 10:30 19.10.2024. Ўқилди: 1035 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!