Германия канцлери Трампни танқид қилиб, мулоқотни ОАВ орқали эмас, юзма-юз олиб боришга чақирди
Фридрих Мерц Франкфурт-на-Майнда бўлиб ўтган "FAZ-Kongress 2026" конференциясида АҚШ президентининг Эронга қарши уруш доирасидаги ҳаракатлари нафақат бевосита жабрланувчиларга, балки "барчамиз учун" хавф туғдираётганини маълум қилди.
"Трампнинг ҳозирги қадамлари вазиятни юмшатишга қаратилган тинчлик йўли эмас, балки оқибати номаълум бўлган масштабдаги эскалациядир", – деди у.
Германия ҳукумати раҳбари Теҳрондаги режимни ағдаришга қаратилган уринишлар муваффақият қозонишига шубҳа билан қаради.
"Агар мақсад шу бўлса, улар бунга эриша олишига ишонмайман. Одатда бундай уринишлар муваффақиятсизлик билан тугайди", — дейди Фридрих Мерц.
У шунингдек, Эронга қарши уруш оқибатлари Европага ҳам соя солишини, 3000 км дан ортиқ масофага учувчи Эрон ракеталари эса "биз ўзимизни ҳимоя қилишимиз шарт бўлган жиддий таҳдид" эканини қўшимча қилди.
Бундан ташқари, Мерц Трамп билан телефон орқали гаплашганда, унга музокараларни медиа орқали юритмасликни айтганини очиқлади.
"Мен Трампга айтдим: агар бизнинг ёрдамимиз керак бўлса, бу ҳақда газеталардан эмас, биздан сўрасин. Мулоқотнинг бундай тарзини биз қабул қилолмаймиз ва бунга йўл қўймаймиз", — дея кескин таъкидлади канцлер.