ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Чуст туманида коррупцион занжир фош этилди.
Тезкор тадбирда Чуст туманида яшовчи аёл (1992 й.т.) қўлга олинди. У савдо соҳасидаги МЧЖ иш юритувчисининг ишончига кириб, МЧЖнинг 376,6 млн сўм миқдоридаги солиқ қарздорлигини солиқ тизимидаги танишлари орқали «ёпиб бериш»ни ваъда қилиб, эвазига 20 млн сўм талаб қилган ва шу пулни олаётган вақтида қўлга тушди.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, ушбу ноқонуний схеманинг орқасида Чуст тумани солиқ инспекциясининг бош инспектори турган. У ўз хизмат ваколатидан фойдаланган ҳолда тадбиркорнинг қарздорлигини бартараф этишга ваъда берган ва бунинг учун аёл орқали пул сўраган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.