Бугун 16 декабрь, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Каталонияда мингга яқин «жодугарлар» афв этилди

A A A
Каталонияда мингга яқин «жодугарлар» афв этилди

Каталония парламенти бундан 400 йил аввал жодугарлик учун қатл этилган мингга яқин кишини афв этиш ҳақидаги резолюцияни қабул қилди.

Бундай ташаббус Шотландия, Швейцария ва Норвегияда ҳам худди шундай ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин кўтарилди, бу давлатлар юздан ортиқ европалик тарихчи имзолаган “Улар жодугар эмас, улар аёллар эди” деб номланган манифестни қўллаб-қувватлади.

Тарихчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1580 йилдан 1630 йилгача Европа бўйлаб 50 000 га яқин киши жодугарлик учун ўлимга ҳукм қилинган. Уларнинг деярли 80 фоизи аёллар эди. Бироқ Каталонияда “жодугарлар ови” XVIII асргача давом этди. Жодугарликка қарши биринчи Европа қонуни 1424 йилда айнан Каталониянинг Ллейда шаҳрида қабул қилинган.

Барселона университети тарих профессори Пау Кастелнинг айтишича, Каталонияда “жодугарлар ови” кўпроқ бўлган, чунки қишлоқлар феодалларнинг мутлақ ҳукмронлиги остида эди ва кишининг биргина эътирофи унинг айбдорлиги учун етарли исбот ҳисобланган. Шу билан бирга, олимнинг қўшимча қилишича, судни инквизиция олиб борган ҳолларда айбланувчилар кўпинча парадоксал тарзда далил йўқлиги сабабли озодликка чиқарилган.

Кастелнинг сўзларига кўра, “жодугарлар”ни асосан болаларнинг тўсатдан ўлими ёки табиий офатлар ва ҳосилнинг яхши бўлмагани учун айблашган.

Европанинг бошқа мамлакатларидан фарқли ўлароқ, Каталонияда “жодугарлар” оловда ёқилмаган, балки дорга осилган. Кастелнинг айтишича, ўтин исроф бўлмаслиги учун шундай йўл тутилган бўлиши мумкин.

Испанияда жодугарлик бўйича энг машҳур суд жараёни Наваррадаги Сугаррамурди қишлоғида бўлиб ўтган, ўшанда эркаклар ва аёллар, жумладан, руҳонийлар катта ғорда жодугарлик билан шуғуллангани айтилган.

1609 йилда, суд жараёни бошланишидан олдин қўшни Логроньода жами 7000 киши гумондорга айланди, бу жуда катта рақам эди, ҳозир Сугаррамурдида атиги 230 киши яшайди.

Шундай қилиб, икки минг гумондор жодугар эканини тан олди, уларнинг деярли тўртдан уч қисми болалар эди, аммо деярли барчаси кейинроқ ўз сўзидан қайтди. Натижада 11 киши судланди, улардан 5 нафари қамоқхонада қатлни кутаётган пайтда вафот этди. Қолган 6 киши (4 аёл ва 2 эркак) ёқиб юборилди.

Киритилди: 19:05 27.01.2022. Ўқилди: 1919 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!