Бугун 18 июль, 2025 йил, жума

O'ZB

Камбағалликдан қутилиш йўллари

A A A
Камбағалликдан қутилиш йўллари

Умар ибн Хаттоб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумоларнинг ҳукмлари

Мўминлар амири ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам бундай ҳукмларни чиқарганлар. Суфёй ибн Уяйна розияллоҳу анҳу Абу Холид Аҳмардан, у Ҳажжождан, у Амрдан саҳоба Саид ибн Мусайябнинг бундай деганларини ривоят қилади: “Умар бир гуруҳ ёш болаларнинг нафақасини бир неча кишиларнинг зиммасига юклади”.

Ибн Абу Шайба қуйидаги ривоятда Абу Холид Аҳмардан, у Ҳажжождан, у Амрдан саҳоба Саид ибн Мусайябнинг бундай деганларини ривоят қилган: “Бир етимни қарамоғига олган киши Умар ибн Хаттобнинг олдига ёрдам сўраб келди. Умар: “Ўзинг таъминла!” деди ва кейин яна “Агар энг узоқ қариндоши бўлганда эди, ўшанга юклардим”, деди”.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳам шунга ўхшаш ҳукмни чиқарган. Ибн Абу Шайба қуйидаги ҳадисни Ҳумайд ибн Абдурраҳмондан, у Ҳасандан, у Муторрифдан, у Исмоилдан, у Ҳасандан ривоят қилиб, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг “Агар фақат она ва амаки қолса, она ҳам, амаки ҳам олган меросларига яраша нафақа қилиши шарт” деганларини келтиради.

Салаф уламоларимизнинг қарашлари

Ибн Журайж айтади: “Мен Атодан “Меросхўрга ҳам худди шундоқ” ояти ҳақида сўраганимда “Мерос оладиган бўлганидан кейин, нафақасига ҳам жавобгар бўлади-да”, деди. Мен: “Мерос ололмаса ҳам меросхўр нафақасига жавобгар бўлаверадими?” деб сўраганимда, “Нима унда ўлишига қўйиб берар эканми?!” деб жавоб берди.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ “Меросхўрга ҳам худди шундоқ” ояти борасида “Мерос оладиган киши етимнинг барча эҳтиёжларига етадиган миқдордаги маблағни инфоқ қилиши шарт” деган.

Қариндошлар нафақаси борасида Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаблари:

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига кўра, киши камбағал бўлиб қолса, унга маҳрам бўлганларнинг зиммасига нафақа мажбурияти юкланади. Шунга кўра, фарзандлар ва қанча пастласа ҳам, набираларга, абираларга, шу билан бирга, отага, бобога ва бобонинг оталарига ҳам (албатта, тирик бўлишса) нафақа мажбурияти юкланади. Авлодлар ёки аждодларнинг нафақа олувчи билан бир динда бўлиш ё бўлмасликларининг фарқи йўқ. Шулардан бошқаларга динлари бир бўлгандагина нафақа тўлови юклатилади. Яъни мусулмон кишининг мусулмон бўлмаган қариндоши камбағал бўлиб қолса, ўша мусулмон нафақага мажбурланмайди.

Бундан ташқари, нафақа юклатиладиган яқинлар нафақа қила оладиган ҳолатда бўлишлари шарт. Улар ҳам ночор бўлса, улар нафақага мажбурланмайди. Шунингдек, нафақа бошқа ҳеч қандай чора қолмагандагина тайинланади. Масалан, ёш бола камбағал бўлса, меҳнатга лаёқатли бўлмагани учун унга нафақа тайинлаш мумкин. Ёши катталардан аёллар ҳам бирор чекловларсиз камбағалликнинг ўзи билан нафақага ҳақдор бўлаверадилар. Эркак кишига нафақа тайинланиши учун, бемор ёки меҳнатга лаёқатсиз бўлиши лозим. Аммо соғлом бўлса нафақа мажбурияти юклатилмайди. Бу шартлар топилганда мерос олиш ҳуқуқига эга бўлади. Фарзанд нафақаси фақат отага вожиб бўлади. Отаси тирик бўла туриб, бошқа яқинлар инфоққа мажбурланмайди. Ибн Зийд Луълуийнинг айтишича, қиёсга кўра ота-онага юклатиладиган нафақа миқдори уларнинг меросдаги улушларига қараб белгиланади.

Қариндошга нафақа белгилашда қўйиладиган талаблар

Нафақа вожиб бўлиши учун уламолар икки асосий шартлар топилиши кераклигини айтганлар. 

Биринчиси, камбағал киши ҳақиқатда муҳтож бўлиши керак. Бордию унда озгина маблағи ёки меҳнат қилишга лаёқати бўлса нафақа ажратилмайди. Чунки нафақа фақат чорасиз қолганларга кўмаклашиш мақсадида жорий қилинган.

Иккинчиси, нафақа мажбурияти юклатилган кишининг берадиган ёрдами ҳам ўзининг эҳтиёжларидан ортиқча бўлиши керак. Нафақат ўзини, оиласини боқишдан орттирган бўлиши зарур. Бошқача айтганда, нафақа бериб ўзи ҳам нафақага муҳтож бўлиб қолмаслиги лозим. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз: “Аввал ўзингдан бошла, кейин оила аъзоларингдан”, деганлар .

Шундай экан, нафақа инсоннинг ўзига зарур бўлиб турган нарсаларидан ортиқчаси бўлиши керак. Ўзи учун зарур бўлган нарсаларга эса, зиммасидаги аёлининг нафақаси ҳам киради .

Ислом дини нафақага миқдор белгиламаган. Чунки одамларнинг эҳтиёжлари турличадир. Қолаверса, инфоқ қиладиганлар ҳам бир хил даражада мол-давлатга эга бўлмайди. Одамлар орасида ризқи мўл бойлари ҳам, ўрта ҳол яшайдиганлари ҳам бор. Исломнинг бирдан-бир талаби, ҳамма имкон қадар ёрдам қўлини чўзсин, камбағални йўқсиллик балосидан қутқарсин. Бу йўлда нимаики яхши чора бўлса қўлласин.

Аллоҳ таоло айтади: “Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор бўлса, унда Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳар бир нафсни Ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмас” ;

“Уларни бой борича, йўқ ҳолича яхшилик ила фойдалантиринг” ;

“Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир” .

Уламолар нафақага нималар киришини бирма-бир санаб ўтишган:

1 – овқат ва сув.

2 – қиш ва ёз фасли учун алоҳида кийим-кечак.

3 – турар жой, унга тегишли жиҳоз ва тўшаклар.

4 – ўзига-ўзи хизмат қила олмайдиганларга ёрдамчи.

5 – никоҳга рағбат қилиб турганларни оила қуришига кўмаклашиш.

6 – оила аъзолари эҳтиёжлари учун сарф-харажат.

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ “Кофий” номли асарида айтганлар: “Қариндошга бериладиган нафақа ҳар томонлама эҳтиёжларини қондиришга етадиган миқдорда бўлиши лозим. Чунки нафақа айнан муҳтожлик сабабли жорий қилинади. Шунинг учун, у муҳтожликни батамом бартараф этиши керак. Агар бирор хизматкорга эҳтиёж сезилса хизматкор ёлланади. Бордию камбағалнинг аёли бўлса аёлнинг нафақаси ҳам тўлаб берилади. Зотан, буларсиз муҳтожлик бартараф этилмайди”.

Нафақаси белгиланган қариндошлар агар эҳтиёж сезишса, никоҳлаб қўйилади. Масалан, ўғил отани, бобони ёки, аксинча, ота фарзандини. Оила қуришга бўлган эҳтиёж ҳам камбағалларга озор бериши мумкин. Шу боис, оила қуриш улар учун, овқат, кийим-кечак каби зарур бир нарсага айланади. Лекин бунда бирорта кампир ёки бадбашара аёлга никоҳлаб қўйилмайди. Чунки никоҳ ҳузурланиш, улфатчилик учун тузилади. Кампир ёки бадбашара аёл билан ҳузурланиб бўлмайди.

Даволаниш борасида аниқ бир гап айтилмаган. Яъни камбағал бемор бўлиб қолса, унинг қариндошлари дори-дармон учун ҳақ тўлашга мажбур ёки мажбур эмаслиги ҳақида аниқ маълумот келмаган. Лекин дори-дармон нафақа таркибига кирмайди.

Бундан ташқари, уламолар тиббиётни кўпинча тахминларга асосланади, деб билишган. Айнан шунинг учун ҳам, инсон ўзини-ўзи даволаши мустаҳаб бир амал саналади, мажбурият эмас. Шундай экан, ўзига мажбурий бўлмаган хизматни бошқаларга кўрсатиш ҳам мажбурий эмаслиги ҳақида фатво чиқарганлар. Аммо бугунги кунда касалликни аниқлаш жуда осон иш бўлиб қолди. Уларга даволар ҳам маълум. Шунинг учун, касални даволамаслик уни азоблаш билан тенг ҳисобланади.

Даволанишнинг шартлиги ҳадиси шарифларда ҳам ўз ифодасини топган: “Эй Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар. Чунки дардни яратган Зот, давосини ҳам яратгандир”.

Қариндошларга нафақа қилиш Исломнинг ўзига хос жиҳатларидан биридир

Ислом дини камбағалга бериладиган нафақани бой қариндошнинг зиммасига юклаш билан ижтимоий бирдамлик биносига тамал тошини қўйди. Буни шунчаки савобли иш деб эмас, балки Аллоҳ буюрган ва бажарилиши шарт бўлган мажбурият сифатида баҳолашга чақирди. Шундай қилиб, ҳар бир мусулмон камбағал бой яқинларидан нафақа талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Ислом шариати эса бу масалада камбағалнинг ёнини олади.

Доктор Муҳаммад Юсуф Мусо “Ислом ва башариятнинг унга бўлган эҳтиёжи” номли китобида бир воқеани келтиради: “Шу ўринда бир нарса ёдимга тушди. Францияга борганимда озгина муддат бир оила билан бирга яшашга тўғри келди. Ўша хонадонда хизматкор қиз бор эди. Кўринишидан аслзодаларнинг фарзандига ўхшарди. Уй бекасидан “Бу қиз нега хизматкорлик қилиб юрибди? Ёрдам қиладиган, уни бу машаққатлардан қутқарадиган яқинлари йўқми?” деб сўрадим. Унинг жавоби қуйидагича бўлди: “У аслида ўзига тўқ оиланинг фарзанди. Унинг жуда бой амакиси бор. Лекин унга ғамхўрлик қилмайди, жиянининг муаммолари билан қизиқмайди”. Мен: “Нима учун нафақа тайинлаш учун маҳкамага ариза топширмайди?” дедим. У аёл гапларимдан ҳайратга тушди ва менга бу қонунда белгиланмаганини тушунтирди. Фурсатдан фойдаланиб, унга бу масалада Исломнинг меъёрларини тушунтирдим. Гапларимни тинглагач, аёл бундай деди: “Агар сиз айтган нарсаларга амал қилинганида, бирорта қиз иш излаб сарсон бўлмасди” .

Manba: azon. uz

Киритилди: 21:15 11.03.2020. Ўқилди: 4972 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!