АҚШнинг Калифорния штати сайловчилари миллиардерларнинг умумий бойлигига 5 фоиз миқдорида бир марталик солиқ жорий этиш таклифини қўллаб-қувватламади. Бу қарор технология соҳаси вакиллари ҳамда йирик сармоядорлар томонидан олиб борилган қарши кампания фонида қабул қилинди.
France 24 ва Associated Press хабарларига кўра, «40-таклиф» деб номланган ташаббус Калифорнияда бойлиги 1 миллиард доллардан ошадиган шахсларга бир марталик солиқ солишни назарда тутган. Ундан тушадиган маблағларнинг асосий қисмини соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга, қолганини эса таълим ва озиқ-овқат ёрдами дастурларига йўналтириш режалаштирилган эди.
Таклифнинг рад этилиши бойларнинг мол-мулкига солиқ солиш тарафдори бўлган сиёсий кучлар учун жиддий тўсиқ бўлди. Унга қарши кампанияга технология соҳасидаги йирик раҳбарлар юзлаб миллион доллар сарфлаган.
Ташаббусни қўллаб-қувватлаганлар солиқ тушумлари федерал соғлиқни сақлаш маблағларининг қисқариши оқибатларини юмшатишга ёрдам беришини таъкидлаган. Қаршилар эса янги солиқ бой сармоядорлар ва тадбиркорларни штатни тарк этишга ундаши, бу эса иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирган.
Associated Press маълумотига кўра, сайловчилар таклифни рад этган.