Эбола вакцинаси етмиш минг дозада Конго Демократик Республикасига (КДР) юборилади.
Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) баёнотида айтилган.
Таъкидланишича, ҳозирги Ervebo вакцинаси Заир Эбола вирусининг яна бир штаммидан ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқилган ва мутахассислар унинг ҳозирги, янада оғирроқ Бундибугио штаммидан ҳам самарали ҳимоя қилишига ишончлари комил эмас. Шунинг учун, кўнгиллилар иштирокидаги III босқич клиник синови учун 20 минг доза ажратилган. Қўшимча 50 минг доза касалликка қарши курашда иштирок этаётган тиббий ва ижтимоий хизмат ходимларига тарқатилади.
ЖССТ маълумотларига кўра, дастлабки лаборатория маълумотлари ва ҳайвонлар устида ўтказилган тажрибалар вакцина маълум даражада ҳимоя қилиши мумкинлигини кўрсатади.
ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус ўз навбатида ушбу қарорни глобал бирдамликнинг муҳим намунаси сифатида юқори баҳолади. Шунингдек, у ЖССТ ўз ҳамкорлари билан биргаликда эпидемияни назорат остига олиш ва минтақада ҳаётни ҳимоя қилиш учун кучайтирилган эпидемиологик кузатув, касалликни ўз вақтида аниқлаш, сифатли тиббий ёрдам, жамоатчилик таълими ва эмлаш ишларини қўллаб-қувватлашда давом этишини қўшимча қилди.
Сўнгги ҳисоботга кўра, Конго Демократик Республикасида Эбола вируси билан касалланишнинг жами 5021 ҳолати қайд этилган, улардан 2378 нафари вафот этган.