Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотнинг янги ҳисоботига кўра, бачадон бўйни саратони дунё бўйича йилига 350 минг нафардан ортиқ аёлнинг ўлимига сабаб бўлмоқда.
‼️ Ваҳоланки, мазкур патология — бутунлай олдини олиш мумкин бўлган онкологик касаллик. Бунинг учун уни эрта аниқлаш, ташхислаш зарур. Шу тариқа касалланиш ва ўлим ҳолатларининг олдини олишга эришиш мумкин.
💉 Айни сабабдан ЖССТнинг бачадон бўйни саратонини бартараф қилишни тезлаштириш бўйича глобал стратегиясида 9-14 ёшдаги қизларни одам папиллома вирусига карши эмлаш тавсия этилган.
🔬 Қолаверса, ушбу хасталикни эрта босқичда аниқлаш имконини берувчи диагностика воситалари, самарали муолажа курслари аллақачон тиббий амалиётда қўлланилмоқда.
📈 Бироқ баъзи ўрта ва паст даромадга эга мамлакатларда бу икмкониятлар чегараланган. Оқибатда уларда ушбу патологиядан ўлим кўрсаткичи 94 фоизга етгани ачинарлидир.
⬇️ ЖССТнинг тегишли стратегиясига кўра, 2030 йилга бориб қуйидаги учта глобал мақсадни тўлиқ амалга ошириш белгиланган:
🔢Қизларнинг 90 фоизини одам папиллома вирусига қарши тўлиқ эмлаш.
🔢 Аёлларнинг 70 фоизини ўз вақтида скрининг текширувидан ўтказишни таъминлаш.
🔢 Саратонолди ҳолатлар аниқланган аёлларни даволаш қамровини 90 фоизга етказиш.
✅ Шундан келиб чиқиб, ЖССТ ҳукуматларни эмлаш қамровини ошириш ва соддалаштирилган скрининг дастурларини яратишни қўллаб-қувватлашга чақирди.
📌 Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб миллий эмлаш календарига бачадон бўйни саратонига қарши қўлланилувчи ОПВ вакцинаси киритилган бўлиб, ҳар йили 9 ёшли 350 минг нафардан ортиқ қизлар ушбу касалликка қарши эмланмоқда.