Бугун 5 октябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Жорий йилнинг олти ойида 74 420 нафар хотин-қизга 1 трлн. 230 млрд. сўм кредитлар ажратилди

Жорий йилнинг олти ойида 74 420 нафар хотин-қизга 1 трлн. 230 млрд. сўм кредитлар ажратилди

АОКАда ўтказилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлили юзасидан маълумот берди:

Мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш каби улуғвор мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги 158-сон Фармони билан “Ўзбекистон — 2030” стратегияси қабул қилинган.

Стратегияда белгиланган ҳар бир мақсад ва уни амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини янада яхшилаш, имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Хусусан, 25-мақсад - Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш борасида қатор амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бунда жамиятда гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улушини 30 фоизга ошириш, жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, «Аёллар дафтари» билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизмини яратиш, мазкур ишлар бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш кабилар назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон-2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” 2024 йил 21 февралдаги 37-сон фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон - 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида 2024 йилга мўлжалланган йўналишлар кесимидаги амалий тадбирлар режалари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхатларига мувофиқ, Қўмита 6 та бандда асосий ижрочи, 9 та бандида ҳамижрочи ҳисобланади.

Бугунги кунда вазифалар ижросини таъминлаш борасида Қўмита томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан,

Дастур доирасида 2 та Қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди.

“Соғлом оила - соғлом жамият” шиори остида оилалар фаровонлиги ва барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, масъулиятли ота-оналик ғоясини сингдириш, низоли оилалардаги муҳитни соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларда манзилли ишлар ташкил этилмоқда.

“Оқила аёллар ҳаракати” аъзолари, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси, тегишли мутахассислар ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 120 688 та оилалар ўрганилди. Улардан 59 345 тасида низолар бартараф этилди. 36 618 та оила яраштирилди, 12 347 та алимент, 2 665 та уйга киритиш, 4 953 та мол-мулк билан боғлиқ низолар ҳал этилди.

2 минг нафар жарроҳлик операциясига муҳтож хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтариш учун Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан маблағ ажратиш бўйича Қўмита томонидан йиллик режа тасдиқланиб, апрель-июнь ойларида 735 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар ва болаларнинг жарроҳлик операцияси ва даволаниши учун 10 млрд. сўмга яқин маблағ ажратилди.

Дастурга мувофиқ, жойларда хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш борасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда онлайн маркетинг ҳамда онлайн савдо фаолияти билан шуғулланиш борасидаги кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув курслари ташкил этилди.

Хотин-қизларнинг кичик бизнес лойиҳалари қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамда оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан январь-июнь ойларида хотин-қизлар тадбиркор-лигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 74 420 нафар хотин-қизларга 1 трлн. 230 млрд. сўм кредитлар ажратилди.

Қўмита томонидан Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доимий назоратга олиниб, амалга оширилган ишлар мониторинг қилиб борилмоқда.

Киритилди: 15:11 02.07.2024. Ўқилди: 555 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!