Қозоғистон ҳукумати Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси ҳолатини ўрганиш учун 300 миллион тенгедан ортиқ маблағ ажратди. Бу ҳақда республика бош вазири ўринбосари Алтай Кулгинов маълум қилди, дея хабар беради Казинформ.
– Айни пайтда Хожа Аҳмад Ясавий мақбарасидаги намлик ҳолатини ўрганиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 2022-йилда мақбаранинг ҳар бир қисмида ҳарорат ва намлик ҳолатини, деворлардаги ёриқларни назорат қилувчи мониторинг тизими ўрнатилди. Тегишли вазирликлар тасарруфидаги илмий-тадқиқот институтлари Туркистон шаҳрига ташриф буюриб, ер ости, ер усти (суғориш, сунъий) сувларнинг мақбарага таъсирини дастлабки ўрганишди”, — деди Кулгинов.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, мақбара деворларидан ғишт, сталактит, қум аралашмасининг физик-кимёвий ва физик-механик хоссаларини аниқлаш мақсадида лаборатория тадқиқотлари олиб борилган.
Шунингдек, Кулгинов жорий йилда мақбара ҳолатини ўрганишда бир қанча илмий ташкилотлар иштирок этишини маълум қилди. “2022-2024 йилларга мўлжалланган комплекс режа ишлаб чиқилди. Ушбу режа доирасида 2023-йилда турли мослаштирилган илмий-тадқиқот институтлари томонидан мақбара ҳолатини ўрганиш бўйича ишлар олиб борилади. Мақбара баландлиги 40 метрга яқин бўлган 35 хонадан иборат бино. Шу муносабат билан йирик бинонинг техник ҳолатини сақлаш учун ҳар йили республика бюджетидан молиявий маблағ ажратилади”, — деди Кулгинов изоҳида.