Жамиятда айрим ёш оталардан фарқли ўлароқ, 77 ёшли отахон ўзининг ҳаёт сўқмоқларида кейинги турмушидан пайдо бўлган фарзандини суд қарорига асосан 15 йилдан буён алимент пуллари билан таъминлаб келмоқда.
Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг қарздор Р.Т. ундирувчи Ш.С. фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Шароф Рашидов туман бўлими иш юритувига 12.03.2024 йилда келиб тушган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида тегишли идора ва ташкилотларга сўров хатлари юборилган ва қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқлари 17.07.2024 йилда вақтинча чекланган.
Фуқаро 77 ёшли Р.Т. бир муддат касал бўлиб қолиб, бошқа вилоятга кетганлиги учун унинг алиментдан қарзи ҳисоб-китоб қилинганда 01.07.2025 йил ҳолатига 11.524.309 сўмни ташкил қилган.
МИБ давлат ижрочилари уни чақириб, алиментни тўлаши лозимлиги тушунтирилганда, отахон ўзининг жамғарган пенсиясидан қарзини нақд пул шаклида тўлади.
Шунда, у давлат ижрочиларига “Алиментдан қочиш гуноҳ, мен касал бўлиб қолдим, бўлмаса қарз бўлмас эдим, мен пулларни тўлаб ёш алимент тўловчиларга ўрнак бўлгим келди”, деб ўз фикрини билдирган.
Худо умр берса, отахон ҳали фарзанди 18 ёш тўлганча алимент пулини тўлаб боришини ҳам айтиб ўтган.