Жорий йилнинг 26 январь куни Ғаллаорол туманида яшовчи 4 нафар фуқаро ҳудуддаги тоғдан ноқонуний равишда олтинли рудани қазишга киришади. Мазкур жараёнда уларни тош босиб қолган. Бу хақда Жиззах вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 26 январь куни «Булоқбоши» қишлоқ фуқаролар йиғини Авлиё қишлоғида яшаган тўрт нафар фуқаро аҳоли яшаш жойидан тахминан 7-8 км узоқликда жойлашган тоғ бағрига 12-15 метр қазиб кириб руда олишмоқчи бўлишган. Қазиш пайтида фуқароларни тош босиб қолган.
Ҳодиса оқибатида икки нафар фуқаро чуқурдан чиқа олмасдан вафот этган. Қолган 2 нафари эса турли хил даражадаги синиш ва бошқа тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.