Азима (исмлар ўзгартирилган) туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимида катта ҳамшира бўлиб ишларди. Уни шайтон йўлдан урдими, ҳарқалай банкнинг кредит маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш хаёлига келиб қолди. Ўзи билан бирга ишлаб келаётган тиббиёт бирлашмаси ходими Рўзигулга унинг номига кредит олишини, Мафтунага эса ушбу олинаётган кредит учун кафил бўлишини илтимос қилади. Ҳамкасбларини кредит тўловларини ўзи тўлиқ тўлаб ёпишини, уларга ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини айтиб, ёлғон ваъдалари билан ишонтиради. Азима банкдан истеъмол кредит шартномасига асосан 3 йил муддатга йиллик 28 фоиз устамаси билан 10.000.000 сўм миқдорда кредит маблағи олишга эришади. Ушбу маблағни хусусий корхонага истеъмол товарлари хариди учун ўтказади. Одамнинг оласи ичида бўлади, деганларидек унинг қора нияти тез орада юзага чиқди. У банк ҳамда Рўзигул ва Мафтунанинг ишончини суиистеъмол қилган ҳолда кредит маблағлари эвазига хусусий корхонадан олинган маиший техникаларни дастлабки терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган бошқа фуқароларга сотиб юборади. Пулларни эса ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Кредит олишга устаси фаранг бўлиб кетган бу аёл яна 30 дан зиёд ҳамкасбларини чув туширди. Эътиборли жиҳати, у 5 та банкдан кредит маблағларини олишга эришган. Фирибгарликнинг охири вой.
Судда Азима айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини билдирди. У жабрланувчиларга жами 41.648.834 сўмлик моддий зарар етказган. Банклардан эса ҳаммаси бўлиб 241.751.706 сўмлик кредитлар олган.
Албатта жиноятга жазо муқаррар. Суд ҳукмига биноан Азимага фирибгарлик ва бошқа жиноятларни қасддан содир қилганликда айбли деб топилиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланди.