Мустақилликдан сўнг мамлакатимиз бўйлаб ҳар соҳани ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминловчи суд ҳокимиятининг шакллантирилишига доир саъй-ҳаракатлар, жиноят ва жиноят процессуал қонунчилигининг либераллаштирилиши, суд-ҳуқуқ тизимининг янада демократлаштирилиши бугунги кунда халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини тортиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида акс эттирилган принципларга мувофиқ жиноий жазо тизими ва суд ишларини юритиш босқичма-босқич либераллаштирилди, умумий юрисдиксия судлари ихтисослаштирилди, ишларни кўриб чиқишнинг апелляция тартиби жорий этилди, ярашув институти киритилди, ўлим жазоси бекор қилиниб, унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо тури жорий этилди, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокурордан судга ўтказилди, адвокатура соҳасида ўтказилган ислоҳотлар жиноят ишларини юритишда прокурор ва адвокатнинг тенглигини, жиноят ишлари бўйича иш юритувнинг барча босқичларида ўзаро тортишувнинг амалда таъминланишига хизмат қилди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ жиноят иши қўзғатиш, иш юзасидан айблов хулосасини ўқиб эшиттириш сингари ҳуқуқларнинг судлар ваколатидан чиқарилишини назарда тутувчи ўзгартишлар жиноят-процессуал қонунига киритилди. Баён этилган фикрлар жиноят ишини юритишда тергов органлари ва судларнинг инсонга, унинг ҳуқуқ ва эркинликларига муносабати тубдан ўзгараётганидан далолат беради. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар амалга ошириб келаётган ишларнинг таҳлили уларнинг вақтинчалик тадбирлар эмаслигидан, балки қонун талабларига мос равишда доимий хусусиятга эга бўлишидан далолат бермоқда. Бу эса жиноят процессининг тобора инсонпарвар тус олиб бориши ҳақида хулоса чиқаришга имкон бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига кўра: “Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади”. Мазкур ҳуқуқни амалга ошириш шаклларидан бири – жиноят иши бўйича жиноятларни тергов қилишда ва суд муҳокамасида фуқаровий даъвони қўзғатиш имкониятининг мавжудлигидир.
Шу билан бирга содир этилган жиноят нафақат қонун билан қўриқланадиган муносабатларга, шу жумладан, инсон манфаатларига ҳам маълум даражада зарар етказади. Зарар моддий, жисмоний ёки маънавий шаклларда намоён бўлади. Умумэътироф этилган принципларга асосан етказилган зарар қопланиши ёки бартараф этилиши лозим.
Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат органлари фаолиятининг асосий вазифалари сифатида қайд этилган.
Жиноят туфайли ёки ақли норасо шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши натижасида етказилган зарар ўз хусусиятига кўра, моддий, жисмоний ёки маънавий шаклларда бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 82-моддасига асосан жиноят туфайли етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдори жиноят ишида исботланиши лозим бўлган ҳолат ва айблаш учун асос ҳисобланади. Жиноий қилмиш туфайли етказилган зарарли оқибатлар ўз навбатида жиноятнинг юридик квалификациясига ўз таъсирини ўтказади.
Жиноят туфайли моддий зарар етказилиши мулкий ва номулкий зарарнинг мавжудлигини билдиради. Демак, жиноят туфайли мулкий (моддий) зарар ёки жиноят оқибатида номоддий шаклда зарар етказиш мумкин. Бунда номоддий оқибатлар (маънавий ёки жисмоний азият чекишлар)ни уларнинг бутун оғирлиги ёки ижтимоий хавфлигигига қарамасдан, пул билан ўлчашнинг имконияти бўлганидек, моддий оқибатлар, авваламбор, моддий объектларга (предметга) жиноий тажовуз қилиш орқали етказилган мулкий зарар сон ва миқдор хусусиятларига эга бўлиши билан ўз ифодасини топади ва шунга мос равишда уни пул билан ўлчаш, яъни мулкий зарарни қоплаш мумкин бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2016 йил 27 декабрдаги “Жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплашга оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 26-сонли Қарорида таъкидланишича, шуни назарда тутиш лозимки, шахснинг унга етказилган зарарни (яъни мулкий зиённи) қоплашга бўлган ҳуқуқи, шунингдек, зиён учун моддий жавобгарликнинг умумий асослари Фуқаролик кодексида (14-моддаси, 57-боби) белгиланган.
Чунончи, ФК 14-моддасига кўра, зарар деганда, қуйидагилар тушунилади:
ҳуқуқи бузилган шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар)
шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганда одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда).
Ҳар бир содир этилган жиноят инсон манфаатларига муайян даражада мулкий зиён етказади. Шунга асосан жиноят натижасида етказилган мулкий зиён жисмоний, маънавий ёки моддий (мулкий) зиён шаклида ифодаланади. Ўз моҳиятига кўра, шахсга етказилган мулкий зиён ундирилиши лозим. Жиноят туфайли етказилган мулкий зиён Ўзбекистон Республикасининг амалдаги жиноят-процессуал қонун хужжатларида ўз аксини топган ва энг кўп тарқалган зиён турларидан биридир, бундай мулкий зиённи ундириш эса жиноят процессида фуқаровий даъво кўринишида амалга оширилади ва у Ўзбекистон Республикаси ЖПК нинг 33-бобида бевосита кўзда тутилган.
Жиноят натижасида етказилган мулкий зиённинг миқдори ва хусусиятини белгилаш жиноят-процессуал исботланиб предметни ташкил этувчи ҳолатлардан биридир. Ҳозирги пайтда жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи ундириш учун фуқаровий даъво қўзғатилади ва кўриб чиқилади. Жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплаш орқали жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларнинг таъминлашига эришилади. Бу эса жиноят процессининг муҳим вазифларидан бири ҳисобланади.
Ш.НУСРAТУЛЛAЕВ,
Сурхондарё вилояти Транспортда ХТБ ТГ терговчиси, лейтенант