Бу йил Европа ва дунёнинг бошқа ҳудудларини қамраб олган экстремал иссиқ тўлқинлари тобора вайронкор тус олмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, йил бошидан буён Европада юқори ҳарорат сабаб қарийб 20 минг киши вафот этган. Аномал иссиқлик қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва меҳнат бозорига ҳам жиддий таъсир кўрсатган.
Энг оғир вазият Германияда кузатилган. Расмий маълумотларга кўра, иссиқлик оқибатида 9,8 мингдан ортиқ киши вафот этган бўлиб, уларнинг аксарияти 75 ёшдан ошганлардир. Францияда июнь ойидаги иссиқ тўлқини қарийб 5,7 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган. Тўрт марта экстремал иссиқликни бошдан кечирган Буюк Британияда эса қурбонлар сони қарийб 2,9 минг нафарга етган.
АҚШда июль ойида экстремал иссиқлик ҳақидаги огоҳлантиришлар 40 миллиондан ортиқ аҳолини қамраб олган. Жанубий Кореяда юқори ҳарорат туфайли 19 киши ҳалок бўлган, Японияда эса бир ҳафта ичида 18 мингдан зиёд одам шифохонага ётқизилган, улардан 45 нафари кейинчалик вафот этган. Токиодаги Тама ҳайвонот боғида иссиқ уриши оқибатида учта шер нобуд бўлган.
Олимлар бундай ҳодисаларнинг тез-тез такрорланишини иқлим ўзгариши билан боғламоқда. World Weather Attribution халқаро ташаббуси маълумотларига кўра, глобал исиш экстремал об-ҳаво ҳодисалари эҳтимолини сезиларли даражада оширган ва йирик ўрмон ёнғинларига шароит яратмоқда. Бу йил Европа Иттифоқи мамлакатларида ёнғинлар 460 минг гектардан ортиқ ҳудудни йўқ қилган, Канадада эса ёнган майдон қарийб 6 миллион гектарга етган.
Юқори ҳарорат иқтисодиётга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Британиянинг ECIU таҳлил маркази баҳосига кўра, фақат июнь ойидаги иссиқликнинг ўзи Европада дон ҳосилини қарийб 2 миллиард еврога қисқартириши мумкин. Энг катта йўқотишлар Франция ва Венгрияда кутилмоқда.
Францияда иссиқлик туфайли учта атом реактори вақтинча тўхтатилган. Буюк Британияда эса мамлакат ҳудудининг ярмида қурғоқчилик эълон қилинган. Июль ойи кузатувлар тарихидаги энг қуруқ ой бўлиб, ҳукумат сувдан фойдаланиш бўйича чекловлар жорий этган.
Шу билан бирга, Европанинг муҳим савдо йўлларидан бири ҳисобланган Рейн дарёсида сув сатҳи рекорд даражада пасайиб, юк ташиш ишларини қийинлаштирган.