Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидан Жарқўрғон туманига келин бўлиб тушган Сабина Собирова(исм фамилияси ўзгартирилган) собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишмовчилик сабаб бир ёшли қизалоғи билан ота уйига келишга мажбур бўлган.
Фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги даъво аризаси ижобий ҳал қилиниб, суднинг ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Жарқўрғон туман бўлими иш юритувига беш ой аввал қабул қилинган эди.
Бюронинг туман бўлими давлат ижрочилари қарздор отадан йиғилиб қолган беш ойлик фарзандининг моддий таъминоти учун алимент пулини талаб қилиб, унинг яшаш хонадонига борилди ҳамда ижро ҳужжати мазмуни ва унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Шундан сўнг, қарздор ота собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишиб, алимент тўловларини фарзандининг моддий таъминотини яхшилаш мақсадида олдиндан тўлаб беришга қарор қилди ва 95 миллион сўмни нақд тўлаб берди.
Сабина Собирова олдиндан тўлаб берилган алиментни фарзандининг келажаги йўлида мақсадли фойдаланишини билдириб, ижро ҳужжатини бўлим иш юритувидан аризасига асосан қайтариб олди.