Жанубий Кореяда навбатдан ташқари президент сайлови ўтказилмоқда. Бу ҳақида BBC хабар берди.
Бугун мамлакат фуқаролари ҳарбий ҳолат эълон қилишга урингани учун лавозимидан четлатилган Юн Сок Ёлнинг ўрнига янги президентни сайлашади.
Президентлик лавозимига даъвогарлар икки нафар: Ли Чжэ Мён — “Тобуро” демократик партияси номзоди ҳамда Ким Мун Су — “Халқ кучи” консерватив партиясидан номзод (Юн Сок Ёл ҳам шу партия вакили эди).
"Сайловда Ли фаворит саналади, сайловолди сўровномаларига кўра, у Кимдан 10-14 фоиз олдинда бўлган ва сайловчиларнинг қарийб ярми уни қўллаб-қувватлашини билдирган", дея хабар бермоқда BBC.
Сайлов бир турда ўтказилади, яъни қайси номзод кўпроқ овоз тўпласа, дарҳол Жанубий Кореяда президенти лавозимини эгаллайди. Сайловда Ли ва Кимдан ташқари яна уч киши президентликка даъвогарлик қилмоқда, бироқ сўровномаларга кўра, уларнинг ғалаба учун курашиш имконияти деярли йўқ.
Ли Чже Мён 2022 йилда бўлиб ўтган сўнгги президентлик сайловида ҳам иштирок этган ва Юн Сок Ёлга бир фоиздан кам фарқ билан ютқазган.
Президент Юн Сок Еол ўтган йилнинг 3 декабрида ҳарбийларга парламентни назорат қилишни буюриб, ҳарбий ҳолат жорий этишга уринган эди. Мазкур ҳаракат муваффақиятсиз тугади ва мамлакатда чуқур сиёсий инқироз юзага келди.
14 декабрда мухолифат ҳукмронлик қилаётган Жанубий Корея парламенти Юнга импичмент эълон қилиш учун овоз берди, у 15 январда иккинчи уринишда ҳибсга олинди. 4 апрелда эса Конституциявий суд импичментни тасдиқлади, шундан сўнг навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказилиши эълон қилинди.