Делегацияни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қабул қилди. Мулоқотда технопарклар ташкил қилиш, олий таълим муассасалари ҳамкорлигини йўлга қўйиш, фойдали қазилмалар разведкаси каби қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Қайд этиш жоизки, делегация таркибига Жанубий Кореядаги Ённам университети профессори, 34 ёшли Алишер Дедаханов ҳам кирганди. Асли наманганлик бўлган олим икки давлат вакиллари ўртасида самимий мулоқот ўрнатилишида ўзига хос кўприк вазифасини бажарди.
— Жанубий Кореяда иқтисодиётида технопарклар катта ўрин тутади. Бизнинг ассоциация таркибига кирувчи 18 та технопаркдаги корхоналар томонидан 1 миллиард долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилганининг ўзи ҳам кўп нарсани англаца керак. Наманганда технопарклар тизимини йўлга қўйиш, бунга бел боғлаган мутасаддиларга тажрибамизни ўргатишга тайёр эканлигимизни билдирмоқчиман, — деди Жехун Ли.
Меҳмонлар Наманган шаҳридаги «Дўстлик уйи»да жойлашган корейс миллий маданий марказида корейс халқи тарихи ва маданияти, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш учун яратилган шароитлар билан танишди.
Наманган шаҳар давлат хизматлари марказида ташкил этилган учрашувда технопарклар фаолиятини йўлга қўйишга оид Жанубий Корея тажрибаси тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекона меҳмоннавозлик чоғида «Чортоқ» минерал суви меҳмонлар диққатини тортди. Уларга мазкур сувнинг таъми, бежирим дизайни маъқул келди. Жехун Лининг айтишича, у Жанубий Кореяга дунёнинг турли давлатларидан келтирилаётган кўплаб шунга ўхшаш ичимлик сувларидан анча устун туради. Шу боис «Чортоқ» минерал сувини бу мамлакатга экспортини йўлга қўйиш борасида сўз борди.
Фото: Ҳамдам Мамадалиев
Шунингдек, ташриф доирасида делегация аъзолари Косонсой туманидаги технопарк қурилиши, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида бизнес-режалар ва лойиҳалар билан танишди, Жанубий Корея билан ҳамкорликни йўлга қўйиш истагидаги тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди.
Манба: daryo.uz