Мамлакат прокуратураси собиқ президент Юн Сок Ёлни 30 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради. У 2024 йил декабр ойида мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиш учун баҳона яратиш мақсадида Пхеньян узра дронлар операциясини ўтказишга буйруқ берганликда айбланмоқда.
"Yonhap" агентлигининг хабарига кўра, тез орада Сеул марказий туман суди ушбу иш бўйича якуний ҳукмни эълон қилиши кутилмоқда. Бу Юн Сок Ёлга нисбатан очилган саккизта суд ишидан биридир. У ўтган йили қисқа муддатли ҳарбий ҳолат эълон қилиб, Осиёнинг энг барқарор демократияларидан бири ҳисобланган мамлакатни шокка туширганидан сўнг ҳокимиятдан четлатилган эди.
Прокуратуранинг таъкидлашича, дронлар операцияси Шимолий Корея билан ҳарбий кескинликни ошириб юборган ва дронлардан бири қулаб тушгач, Жанубий Кореянинг махфий ҳарбий маълумотлари фош бўлиш хавфини юзага келтирган. Юн Сок Ёлнинг адвокатлари эса у барча айбловларни инкор этаётганини ва Шимолий Корея билан тўқнашув келтириб чиқарадиган ҳеч қандай ҳаракат қилмаганини айтмоқда.
Шунга қарамай, собиқ президентга "душманга кўмаклашиш" айблови ҳам қўйилган. Бу айблов тўғридан-тўғри тил бириктириш бўлмаса-да, мамлакат ҳарбий манфаатларига зарар етказиш ёки рақиб томонга фойда келтирадиган ҳаракатлар учун қўлланилади.