Жангарилар Суданнинг Ал-Фашир шаҳрида уч ҳафта ичида камида 60 минг одамни ўлдирди. Бу ҳақда Bild хабар берди.
Йель университетининг гуманитар фанлар тадқиқот лабораторияси директори Натаниэл Реймонднинг таъкидлашича, Ал-Фашир шаҳридаги вазият кушхонага ўхшайди. Унинг жамоаси томонидан таҳлил қилинган сунъий йўлдош суратлари бир вақтлар 1,5 миллион аҳоли истиқомат қилган Ал-Фашир деярли бўшаб қолганини кўрсатади.
"Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) жангарилари Ал-Фашир устидан назорат ўрнатганидан сўнг, бутун шаҳар “оммавий қирғин макони”га айланди. Ҳамма жойда жасадлар уюмлари ва оммавий қабрлар кўриниб турибди", — дейди Реймонд.
"БМТнинг уруш жиноятлари бўйича терговчилари Ал-Фаширга кириш имконига эга эмас, шунинг учун ўлганларнинг аниқ сони номаълум. Бироқ Буюк Британия Жамоатчилик палатаси тараққиёт қўмитаси тадқиқотчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, уч ҳафта давомида биргина Ал-Фаширда камида 60 минг киши ҳалок бўлган. Яна 150 минг аҳоли бедарак йўқолган, улар қочишга муваффақ бўлгани ёки йўқлиги ҳақида маълумот йўқ", дея ёзмоқда Bild.
Инсон ҳуқуқлари фаоллари Ал-Фаширдаги воқеаларни 2023 йилнинг апрел ойида бошланган ва 400 мингга яқин одамнинг ўлимига ҳамда 13 миллион одам уй-жойини ташлаб кетишига олиб келган Судандаги фуқаролар урушида юз бераётган “энг даҳшатли уруш жинояти” деб атамоқда.