Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида 93 та мамлакатнинг 550 нафардан зиёд дзюдочилари иштирокида ўтаётган жаҳон чемпионатининг ортда қолган учинчи кунида терма жамоамиз аъзоси Шукуржон Аминова ўз вазн тоифасида дунёнинг 5 нафар энг кучли дзюдочиларидан бири номига мушарраф бўлди.
Ҳамюртимиз саралаш беллашувларини муваффақиятли ўтказди. Франция ва Венгрия терма жамоаси аъзоларини мағлуб этган Аминова ярим финал остонасида туркманистонлик Майса Пардаевага кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди.
Ушбу натижа Аминовани бронза медали учун курашишга, Пардаеванинг олтин медаль йўлидаги ҳаракатини давом эттиришга олиб келди.
Шукуржон Аминова бронза медалига даъвогарлик беллашувида финляндиялик Пиха Салоненни қўшимча дақиқаларда мағлубиятга учратиб, франциялик Сара-Леони Сизикка қарши баҳс олиб бориш ҳуқуқига эга чиқди.
"Токио-2020" ва "Париж-2024" Олимпиадаси ғолиб ва совриндори, жаҳон ва Европа чемпионатларида бир неча бор шоҳсупага кўтарилган 26 ёшли Сара-Леонига 22 ёшли Шукуржон Аминова тенг курашлар остидаги беллашувнинг қўшимча дақиқаларида ютқазиб қўйиб, 5-ўрин билан кифояланди.
Ушбу натижа орқали Халқаро дзюдо федерацияси рейтинги учун 720 очко жамғарган Шукуржон Аминова ўз вазнида жаҳоннинг энг кучли 10 нафар дзюдочиларидан бирига айланди.
Бугун, 16 июль куни жаҳон чемпионатининг тўртинчи кунида аёллар ўртасида -63, эркаклар ўртасида эса -81 килограмм вазн тоифасида беллашувлар ўтказилиб, ёш дзюдочиларимиз Маржона Нуруллоева ва Арслонбек Тожиев Венгрия татамиларида маҳоратини намойиш этади.
Тўртинчи кунги мусобақалар остонасида Япония 3 та олтин медаль билан пешқадамлик қилаётган бўлса, Франция, Италия ва Грузия терма жамоалари ҳисобида 1 тадан олтин медаль мавжуд.
Жаҳон чемпионатининг яккалик мусобақалари 19 июнь куни якунланса, 16 та миллий терма жамоа иштирокидаги жамоавий баҳслар 20 июнь куни ташкил этилади.