Politico нашрининг ёзишича, Италиянинг тарқоқ сўл кучлари янги етакчига эга бўлди ва у тез фурсатда ўнг қанот бош вазири Жоржия Мелонининг рақибига айланиб бормоқда.
Болға улоқтириш бўйича собиқ Олимпия ўйинлари иштирокчиси, ҳозирда Генуя мэри лавозимида ишлаётган Силвия Салис шу ой бошида шимолий порт шаҳридаги Маттеотти майдонида улкан техно-кеча ташкил қилиб, бутун мамлакат эътиборини тортди. Унинг диджейлик пульти олдида тушган суратлари ижтимоий тармоқларда тез тарқалди.
Бу ҳолат бош вазирлик лавозимидаги илк ишини ноқонуний кечаларга қарши курашишдан бошлаган Мелони билан кескин фарқни юзага келтирди.
Унинг Италия сиёсий саҳнасига чиқиши сўл кучларнинг реванши учун энг қулай пайтга тўғри келди. Март ойида Мелони ҳукумати суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича референдумда қаттиқ мағлубиятга учради. Бу эса келгуси йил охиригача ўтказилиши керак бўлган умумий сайловларда ғалаба қозониш имкониятини ҳис қилган мухолифат партияларига янги ишонч бағишлади.
Бироқ, бундан олдин сўл кучларга Мелонини мағлуб эта оладиган етакчи керак бўлади. 40 ёшли Салис ҳозирча бу рол унга тегишлими ёки йўқлиги ҳақидаги саволга ноаниқ жавоб бермоқда. Аммо март ойи бошида у: "Агар келажакда миллий сиёсат мени қизиқтирмайди десам, ёлғон гапирган бўламан", деб тан олганди.