Олий мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетига ташриф буюрди.
Ушбу олий таълим муассасаси Италиянинг Турин политехника университети билан ҳамкорликда ташкил этилганига ўн тўрт йил бўлмоқда. Муассасада ўтган даврда автомабилсозлик, энергетика саноати, архитектура каби соҳаларга кўплаб малакали кадрлар тайёрланди. Бир сўз билан айтганда натижалар юқори.
Таълим тизимидаги бундай ютуқ қайд этилишининг асосий омиллардан бири Ўзбекистон ва Италия ўқув дастурлари орасидаги тафовутлар уйғунлаштирилганидир. Шунингдек, таълим жараёнига замонавий методлар татбиқ этилганида дейиш мумкин.
Олий мартабали меҳмонга сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Айни пайтда бу ерда 2 минг нафардан ортиқ ёшлар таълим олмоқда. Битирувчилар бир пайтнинг ўзида иккита – Италиянинг Турин политехника университети ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети дипломига эга бўлади.
Шу ўринда Италиянинг Турин политехника университети ҳақида қисқача маълумот келтириб ўтамиз. Ушбу таълим муассасаси 1859 йил ташкил этилган. У Европанинг энг илғор техника университетларидан бири саналади. Таълим жараёни илмий ва амалий тадқиқот билан фаол равишда бирга олиб борилиши билан ажралиб туради. У ўн саккиз факультет ва кўплаб йирик автомобиль ҳамда бошқа корхоналар учун асосий илмий-тадқиқот маркази бўлган лабораторияларни ўз ичига олади.
Пойтахтимиздаги Турин политехника университети мана шундай тарихий ривожланиш босқичларига эга муассаса билан доимий ҳамкорлик қилади.
Ўзбекистонда халқаро эътирофдаги, замонавий талабларга мос келувчи таълим даргоҳининг очилгани кўплаб ёшларимизнинг тегишли соҳаларда ўз имкониятларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда мазкур университетни ривожлантириш бўйича тегишли стратегия ишлаб чиқилган. У бўйича келгусида янги таълим йўналишларини очиш, талабалар қабулини кўпайтириш режалаштирилган. Автомобилсозлик, қурилиш ва энергетика саноатида замонавий билим ва кўникмаларга эга малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшимча факультетлар ташкил этилади.
Таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимлиги ҳақида фикрлар билдирилди.